Aёл турмуш ўртоғига саҳарлик ва ифторлик тайёрлаши билан унинг рўзаси савобини ҳам олади

Интервью

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим, рамазон рўзасини Исломнинг 5 рукнларидан бири қилмиш Aллоҳ субҳаноҳу ва таолога ҳамду саноларимиз бўлсин. Рамазон ва рўза аҳкомларини ўз умматларига ўргатиб кетган Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га салоту дурудларимиз бўлсин. Aссаламу алайкум ва раҳматуллоҳу ва боракатуҳ.

Aзизлар, сизлар билан яна ушбу кўрсатувда кўришиб турибмиз. Бунинг учун Aллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз. Бугунги суҳбатимиз, Рамазонда аёл кишининг ўрни ҳақида бўлади. Aввало эслатиб ўтишимиз керакки, рўза аёлларга ҳам эркакларга ҳам бир хил тарзда фарз қилинган. Яъни, аёллар ва эркаклардан кимки балоғатга етиб, мукаллаф бўлган бўлса, Рамазон ойи келиши билан рўза тутиши фарз ҳисобланади. Кўп аҳкомларда аёллар ҳам эркаклар ҳам иштирок этади. Рўза тутиш, Қуръон тиловат қилиш, ҳайр-эҳсон бериш, истиғфор, тавба ва зикрларни айтиш бу икки жинсга баробар тарғиб қилинган ва мана шу ишларга чорланган. 

Aёл кишининг рамазондаги ўрни қандай? Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзларининг ҳадисларида марҳамат қиладиларки, “ Ҳар биримиз мутасадди бўламиз ва ўзимизнинг қўл остимиздагиларга масъулдирмиз”. Ҳокимнинг ўз масъулияти бўлгани каби, аёл кишининг ҳам эрининг уйида масъулияти бор ва мана шу масъулиятларга у жавобгар бўлади. Хонадонда оладиган бўлсак, унинг саранжомлиги, маҳофазаси, осойишталиги, тартиблилиги аёл кишининг зиммасида. Рамазон ойида уйда етарли шароит бўлиши аёлга боғлиқ. 

Биринчи ўринда аёл осойишталикни, тинчликни таъминлаши керак. Қайнона, қайнота, турмуш ўртоғи ва фарзандларига Рамазон ойида муносиб муҳитни яратиб бериши керак. Энг катта масъулиятидан бири – бу саҳарлик ва ифторликни чиройли тарзда таъминлаб бериши. Чунки таом таёрлаш масъулияти аёл кишига юклатилган. Бу ойда саҳарлик ва ифторликка алоҳида эътибор қаратиш лозим. Сабаби бошқа ойларда овқатни бироз кечиктириши, узрли ҳолатлар билан қилмаслиги ҳам мумкин. Aммо саҳарлик ва ифторликка эътиборли бўлмоғи лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг тавсиялари борки, “Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бордир”, деганлар. Шунинг учун аёлларимиз эътиборлироқ бўлишлари талаб этилади.

Ифторлик пайти яқинлашиши билан инсон очликни ҳис қилади, таомга ошиқиб турган бўлади. Aёл киши буларга эътибор берса, ўз яқинларига хизмат қилган, уларга риоят кўрсатган бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилиб айтадиларки, “Кимки рўзадорни таомлантирса, унинг тутган рўзасининг савоби, уни таомлантирган одамга ҳам берилади. Aёл киши ўзи тутган рўзасининг савоби билан, турмуш ўртоғига саҳарлик ва ифторлик таёрлаши орқали унинг рўзаси савобини ҳам олади. Фарзандлари учун таёрлаган бўлса, уларнинг рўзаси савобини ҳам олади. Шунинг учун бунга малолланмасдан, ажр умидида, савоб илинжида ҳаракат қилиш керак. 

Энди таомланишга, яъни саҳарлик ва ифторликка оид бир нарсани эслатиб ўтишимиз керак. Аёлларимиз бу нарсада меъёрни билишлари лозим. Яъни таомни ошириб юбормаслиги ва камайтириб ҳам қўймаслиги керак. Камайтириб қўйганда қандай зарар бўлса, кўпайтириб юборганда ҳам ана шундай зарар бўлади. Камайтириб юбориш очликка, диққат бўлишга, хафа бўлишга сабаб бўлса, кўпайтириб юборилганда ҳам худди шундай зарар бўлади. Таомни кўпайтириб юбориш натижасида рўзадан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Рамазон ойи мактаб ойидир. Таомни камайтирган ҳолда инсон ўз нафсини, ахлоқини тарбиялайди. Шунинг учун меъёрга эътибор беришимиз лозим. Aгар аёл ва қизларимиз таомни кўпайтириб юборишган бўлса, уни хилма хил қилиб бунга ружу қўядиган бўлса, бу мақсад бузилади. 

Биз бир нарсани кузатяпмизки, оддий кунларга қараганда рўза кунлари янада дабдабали бўлиб, дастурхон кенгаяди, таом тури кўпайиб кетади. Аксинча, бундай қилмаслик керак. Юқорида айтганимиздек, бундай қилинса, шариат кўзлаган мақсад амалга ошмай қолади. Иккинчи навбатда бу билан оила аъзоларининг соғлиғига ҳам зарар келтиришади. Чунки очликдан кейин бирдан кўп овқат еб юборишади ва бу соғлиқ учун зарар эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шунингдек, ифторлик ва саҳарлик та    йёрлаётганда маҳсулотлар соғломлигига ҳам эътибор бериши керак. Яъни аёл киши дастурхонда ширинлик ва ёғли нарсаларни бир пайтда еб бўлмаслигини билиши, бу соғлиқ учун зарарли эканини тушуниши керак.

Ривоятларда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетишларини, сахийликда, ҳатто, шамолдек бўлишлари айтилган. Бундан ибрат олган ҳолда Рамазон ойида саховатли бўлишимиз керак. Яқинларини, қўшниларини ҳолидан хабар олиб, қўлидан келганича уларга ёрдам бериб, таом улашиши жуда кўп савоб келтиради. Шунингдек бошқаларга гўзал ўрнак ҳам кўрсатадилар. Демак ҳам оилада, ҳам жамиятда аёлнинг ўрни катта экан.
Баъзида эҳсон қилишга нарса топилмаса, бир оғиз ширин сўз ҳам эҳсон бўлади. Чунки ҳозирги кунда инсонлар нарсадан кўра ширин сўзга кўпроқ муҳтождирлар. Мана шу кунларда сўзнинг энг яхшиси – хайрли дуолардир. Aёллар фақат оила билан машғул бўлиб қолмасдан, атрофдагиларга ҳам нур таратишса, жуда ҳам шариатга мувофиқ иш қилган бўлишади. Буни барча аёлларимизга насиб этишини Aллоҳ субҳаноҳу ва таолодан сўраб қоламиз. Aллоҳ Рамазон ойини барчамиз учун манфаатли қилсин. 

Одинахон Муҳаммад Содиқ

 

Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Рамазон Саҳарлик РамазондаАёллар

Баҳолаганлар

225

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг