Абрамович “Челси”ни сотиб, бир тийин ҳам олмайди. Пуллар кимга тегади?

Спорт

image

Буюк Британия ҳукумати “Челси”ни америкалик тадбиркор Тодд Боулининг консорциумига сотишга рухсат берувчи лицензия берди. Бундан олдин, клубнинг сотилишини Англия Премьер лигаси раҳбарияти тасдиқлаган эди.  Бу ҳақда “Sky Sports” нашри хабар берди. 

Манбага кўра, Буюк Британия ҳукумати мамлакатдаги активлари музлатилган Роман Абрамович клубни сотишдан фойда кўрмаслиги ҳақида ҳуқуқий кафолатлар олгач, келишувни маъқуллаган. Битим 4,25 миллиард фунт стерлингни (тахминан 5 миллиард евро) ташкил этди. Клубни сотишдан тушган 2,6 миллиард фунт стерлинг Британия ҳукуматига ўтиши ва унинг 1 миллиард фунт стерлинги дарҳол Украинага ёрдам бериш учун ўтказилиб, қолган 1,6 миллиард фунт стерлинги эса ҳукумат назорати остидаги ҳисобда музлатилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 февраль куни Роман Абрамович клуб бошқарувини "Челси" хайрия жамғармаси Васийлар кенгашига топширган эди. 2 март куни эса россиялик миллиардер клубни сотиш ниятида эканлигини маълум қилди. 10 март куни Буюк Британия ҳукумати Абрамовичга қарши санкциялар киритди. Россиялик тадбиркорнинг Буюк Британиядаги активлари, жумладан, футбол клубига нисбатан чекловлар жорий қилинди.

Маълумот ўрнида, Абрамович қарийб 20 йилдан бери “Челси”га эгалик қилади. Россиялик миллиардер клубни 2003 йилда тахминан 190 миллион долларга сотиб олган. 2021 йилда Американинг “Forbes” журнали унинг қийматини 3,2 миллиард долларга баҳолаган — у дунёнинг энг қиммат футбол клублари рўйхатида еттинчи ўринни эгаллаган. Ўтган йиллар давомида россиялик миллиардернинг тузилмалари “Челси”га умумий қиймати 2 миллиард доллар миқдорида кредитлар ажратган.

Маъруф Абдумаликов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

486

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг