Аҳмад Масъуд “Толибон” билан сулҳ тузиш шартини айтди 

Олам

image

Афғонистоннинг Панжшер вилоятидаги қаршиликлар раҳбари Аҳмад Масъуд, агар толиблар цивилизацияга ўтишга ваъда берса, улар билан сулҳ тузишга тайёр. Бу ҳақда у “Paris Match” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.  

“Мен тинчликпарвар одамман ва ўз халқимга яхшилик тилайман”, деган у, уруш пайтида ҳам душманлар билан гаплашиш кераклигини таъкидлаб. 

Масъуд таслим бўлмасликни алоҳида урғулаган. 

“Аммо таслим бўлиш умуман бошқача. Яна такрорлайман: мен ҳам, менинг қўмондонлигимдаги қўмондонлар ҳам таслим бўлолмаймиз. Тасаввур қилинг, “Толибон” аёллар ва озчиликлар ҳуқуқларини, демократия, очиқ жамият тамойиллари ва бошқаларни ҳурмат қила бошлайди. Нега уларга бу тамойиллар барча афғонларга, шу жумладан ўзларига ҳам фойда келтиради, деб айтмаслик керак?”, деган у. 

Масъуд эркинлик ва инсон ҳуқуқлари ҳақида ўз қарашларини қуйидагича ифодалаган:

“Эркинлик ва инсон ҳуқуқлари – бебаҳо имтиёзлар. Уларни қамоқдаги барқарорлик билан алмаштириб бўлмайди”.

Масъудга кўра, “Толибон” билан жанг эндигина бошланмоқда. 

“Биз жангни тугатмоқчи эмасмиз. Бу ерда – Панжшерда ҳамма нарса эндигина бошланмоқда. Таслим бўлиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, дейди у. 

Масъуд, шунингдек “Толибон”нинг Панжшер дарасидаги қуршов ҳақидаги баёнотларини ёлғон ахборот деб атаган. У қурол билан қўллаб-қувватлашдан бош тортгани учун АҚШ ҳукуматини танқид қилган. 

“Саккиз кун олдинги тарихий хатомни унутолмайман. Мен рад жавобини олдим. Америкада ишлаб чиқарилган қуроллар, артиллерия, вертолётлар, танклар энди “Толибон” қўлида”, деган Масъуд. 

Маълумотларга кўра, “Толибон” вакили Забиҳулла Мужоҳид яқин орада Панжшер вилояти билан тинчлик битими тузилишини айтган. 

“Биз Панжшердаги одамлар билан алоқадамиз. Оқсоқоллар, нуфузли одамлар билан музокаралар олиб боряпмиз. Музокаралар яқинда муаммони урушсиз ҳал қилади. Менинг 80 фоизга ишончим комилки, жанг қилишнинг ҳожати йўқ. Биздаги маълумотларга кўра, яқин орада тинчлик битими тузилади”, деган Мужоҳид.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон Масъуд

Баҳолаганлар

195

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг