Яқин қариндошлар қандай ҳолларда автомобилдан ишончномасиз фойдаланиши мумкин?

Жамият

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонида жорий йилнинг 1 октябридан яқин қариндошлар автомобилни бошқаришда ишончнома расмийлаштирмаслигига рухсат берилганди. Аммо ҳануз ички норматив ҳужжатлар янгиланмади. Бу ўз навбатида кўплаб саволларни келтириб чиқарди.

Кеча, 17 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиқлари билан ўтказилган матбуот анжуманида айни шу масала юзасидан ҳам маълумот берилди.

“Президентимизнинг нотариал қарорида 1 октябрдан яқин қариндошлар учун ишончномани бекор қилиш кўзда тутилган эди. Шу масала юзасидан Адлия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойҳаси мухокамага қўйилганди. Ўйлайманки яқин давр ичида тасдиқланиб амалётга киритилади. 

Айни пайтда яқин қариндошлар исм-фамилияси суғурта полисида кўрсатилган бўлса ёки суғурта полиси чексиз (бошқарувчилар сони бўйича) бўлса, фуқаролар яқин қариндошларининг автомобилини ишончномасиз бошқариши мумкин”, деди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Акмал Юнусов.

Маълумот учун, Президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга кўра, жорий йилнинг 1 октябридан Транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

автомобиль ишончнома

Баҳолаганлар

748

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг