60 нафар қалби ўксик болаларга меҳр кўрсатилди

Жамият

Ҳадисларда “Ким етимнинг бошини раҳм қилиб силаса, Aллоҳ таоло унга қўли теккан ҳар бир соч миқдорича ёмонликларни ўчиради ва ҳар бир соч миқдорича унинг даражасини кўтаради”дейилган. Бу сўзларнинг амалини Юрак амрининг “60 кабутар” лойиҳасида кўришимиз мумкин. 60 кабутар, 60 та меҳрга зор қалб, 60 қоракўз. Бугун уларнинг қалбига қайсидир маънода нур кирди, қувонч кирди. Бундай савоб ишнинг бошида турган барча уларнинг қувончига, кулгусига шерик.

Aвтобусдан тушаётган болажонларнинг ҳаяжони дилларни яйратади. Собиқ хонанда Сардор Раҳимхон томонидан ташкил қилинган ушбу лойиҳада бу сафар ҳам “60 кабутар” меҳмон қилинди. Нега кабутар? Нега 60 кабутар? бу саволга лойиҳа ташкилчиларидан бири хонанда Достон Убайдуллаев шундай жавоб берди:

“60 кабутар деб номланишининг асосий сабабларидан бири, бу умуман отадан ҳам онадан ҳам бирдек етим қолган 60 нафар йигит-қизларимизни бу лойиҳага таклиф қилиб, чиройли кошонани ясатиб, озиқ-овқат, совға саломлар билан тўлдирдик. Бирдан бир умидимиз уларнинг кўнглини олиб, ўксик кўнгилларга қувонч улашишдир. Шунинг учун биз 60 кабутар деб номлаганмиз. Биз етим болаларни оппоқ кабутарга ўхшатдик. Бу лойиҳани иккинчи маротаба қиляпмиз. Биринчиси Олмазор тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган бўлса, бу сафар Яшнобод тумани ҳокимлиги билан ўтказилмоқда. Худо хоҳласа бу сафаргиси ҳам кўтаринки кайфиятда ўтади деган умиддамиз. Aслида бу йўлни Президентимиз бошлаган. Ҳар доим халқ ичида юринглар, халқ билан бўлинглар, ўксик кўнгилларга қараш керак дейдилар. Мана бугун уларнинг йўлларидан кетяпмиз. Худо хоҳласа, биз адашмаймиз”.

Шодиёна болажонлар учун кутилмаган саҳналарга бой бўлди. Бир биридан мазали таомлар, куй-қўшиқлар, ақлни чархловчи ўйинлар билан бойиган байрам кўзбойлоғичларнинг ғаройиб чиқишлари орқали болажонларнинг кайфиятини кўтарди.

Лойиҳа давомида Сардор Раҳимхон чироқ усталаридан тортиб, ошпазларгача, савоб амаллари учун ташаккур билдирди.

“Aзиз болажонлар сизларни жудаям яхши кўрамиз. Сизга меҳр муҳаббатимиз чексиз. ИншаAллоҳ сизнинг мана шундай хурсандчилигингиз билан биз Аллоҳ ризосини топамиз. Ишончим комилки, бу анъанамиз, шу чиройли амалларимиз, яхши ниятда бошланган бу ишларимиз яна давомий бўлиб, Аллоҳ бизга мададкор бўлсин. Қолаверса мен имкониятдан фойдаланиб, фарзандларимизни қалбларига хурсандчилик олиб киришда бизга ёрдамини аямаган, борини аямаган, молини аямаган, меҳрини, дуосини аямаган барча ҳомийларимиздан, қадрдонларимиздан, хизмат қилганлардан миннатдормиз. Аллоҳ ҳаммангиздан рози бўлсин. Даргоҳига бенуқсон қабул қилсин, икки дунё ажрини кўпайтириб берсин”, деди тўлқинланиб Сардор Раҳимхон.

Байрам сўнгида болажонларга берилган ҳадялар, улар учун кутилмаган совға бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

меҳр 60 кабутар болажонлар

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар