Қанча ўзбекистонликлар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилгани очиқланди
Жамият
−
01 Ноябрь 2022
40622022 йилнинг 9 ойи давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан боғлиқ 1 023 та иш кўриб чиқилиб, шундан 572 та даъво аризаси қаноатлантирилган. Яъни жами 572 нафар ота-онадан (ёки уларнинг биридан) фарзандлари олиб қўйилган. Ушбу рақамларни Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов QALAMPIR.UZ очиқлаган.
Унинг айтишича, 2021 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан худди шундай ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан боғлиқ кўриб чиқилган аризалар сони 1 244 тани ташкил қилган.
Шундан 773 та даъво аризаси қаноатлантирилган ва худди шунча ота-она фарзандларига бўлган ҳуқуқидан маҳрум этилган.
Шунингдек, 2021 йилда келиб тушган аризаларнинг 272 таси, 2022 йилда эса 258 таси фуқаролик судлари томонидан рад этилган ва ота-оналик ҳуқуқи сақлаб қолинган.
Бундан ташқари, ўз хатосини тўғирлаган ва фарзандлари учун ғамхўрлик қила олишини исботлаган 12 нафар фуқаронинг ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ва болани қайтариш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилган.
2021 йилда эса 36 нафар ота-онага фарзандларига оид ҳуқуқлари қайтариб берилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасига биноан ота-она ёки улардан бири қуйидаги ҳолларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин:
• ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;
• узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;
• ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқациз муомалада бўлса;
• муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса;
• ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса.
Ҳаққиев Самандар
LiveБарчаси
07 Ноябрь 2023
07 Ноябрь 2023
07 Ноябрь 2023
07 Ноябрь 2023