50 дан ортиқ афғон ҳарбийлари Ўзбекистонга қочиб ўтган — ТИВ

Жамият

image
Россия қандай фикрда? Сергей Шойгу Афғонистондаги вазиятга баҳо берди north_east

Россия қандай фикрда? Сергей Шойгу Афғонистондаги вазиятга баҳо берди

Ўзбекистон Афғонистондаги, жумладан, чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги баёноти сўз боради. 

“Қўшни мамлакатда зўравонликнинг ортиши чуқур хавотир уйғотмоқда. Коронавирус пандемиясининг янги тўлқини шароитида кескинликнинг кучайиши афғон халқи ҳаётини янада мураккаблаштирмоқда”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳамда тинч аҳоли орасида қурбонлар келиб чиқишига йўл қўймасликка чақирмоқда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ўтган.

Хабарга кўра, зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилган.

“Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилади, давлат чегарасини бузганларга эса энг кескин чоралар кўрилади”, дейилади ТИВ баёнотида.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини асраш, бетарафликни сақлаш  ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилган.

“Ўзбекистон ҳукумати биродар афғон халқини ҳар томонлама иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш, жумладан, мамлакатда мустаҳкам ва кенг қамровли тинчлик ўрнатилишига хизмат қиладиган йирик энергетика ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали кўмак беришда давом этади”, дея қайд этилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июнь куни толибларнинг ҳужуми оқибатида Афғонистон Ислом Республикасининг 130 дан ортиқ ҳарбий хизматчилари Тожикистонга қочиб ўтганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Афғонистон хавфсизлик кучлари мамлакат шимолида “Толибон”га қарши ҳужумларни кучайтирмоқда. Операция давомида 5 та туман озод қилинган. Жангариларнинг қарши ҳужумлари қайтарилган.

Фаоллашиб қолган “Толибон”

Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган.

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида “Толибон” ҳаракати Афғонистон шимолидаги Фарёб провинциясининг Давлат Обод, Қайсар ва Гҳор провинциясининг Шаҳрек ҳамда Урузган провинциясининг Гизоб туманларини қўлга киритган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

693

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг