45 ёшли Оксана Чусовитина яна бир бор Жаҳон чемпионлигини қўлга киритди

Спорт 5926
image
-

Ўзбекистонлик гимнастика устаси Оксана Чусовитина Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтказилган спорт гимнастикаси бўйича жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар қилди.

Мусобақада ўзбекистонлик 45 ёшли афсонавий спортчи Оксана Чусовитина таяниб сакраш бўйича 14,066 балл тўплади ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Иккинчи ўринни Франция вакиласи Колин Девиллард (13,966), учинчи поғонани эса мисрлик Ненси Таман (13,366) банд этди.

“Мен ўз умримни спортга бағишлаганлигим ва ёшим ўтиб бораётган бўлса ҳам бир соҳадан кетмай, муваффақиятларга эришишдан тўхтамасдан, ўзимга ўхшаш аёлларнинг фикри ўзгаришига сабабчи бўлаётганимдан фахрланаман. Ютуғим ҳамманики”, дейди Чусовитинанинг ўзи ғалабаси ҳақида фикр билдириб.

Маълумот учун, Оксана Чусовитина илк йирик мусобақасини 1992 йилги Олимпиадада ўтказган. Аҳамиятли жиҳати, мусобақа финалида унга қаршилик қилган спортчилар Оксананинг 1-олимпиадасини ўтказган пайтида ҳаттоки туғилмаган ҳам эди.

Эслатиб ўтамиз, Чусовитина 1 ойдан сўнг старт оладиган Токио олимпиадасида ҳам иштирок этади ва бу унинг учун сўнггиси бўлиши кутилмоқда.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 262
Рейтинг: 2.9
t
×