19 та медаль қўлга киритиш сизнинг кучли эканингизни билдиради – Эндрью Парсонс

Спорт 5147
image
-

Кеча, 30 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги “Ҳилтон” меҳмонхонасида Ўзбекистонга ташриф буюрган Халқаро паралимпия қўмитаси (ХПҚ) президенти Эндрью Парсонс иштирокида конференция бўлиб ўтди.

2017 йилдан бери ХПҚ президенти лавозимида фаолият юритаётган бразилиялик Парсонс конференция сўнггида ўтказилган матбуот анжуманида қатнашди ва журналистларнинг бир қатор саволларига жавоб берди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Паралимпия спорти бўйича йилдан йилга ўсиб бормоқда ҳамда кейинги йирик мусобақаларда ҳам улар шоҳсупадан жой олади.

“Ўзбекистонга ташрифимдан жуда мамнунман. Юртингиз Марказий Осиёда ўзининг сиёсий ва ижтимоий роли, тарихий буюклиги ҳамда цивилизация маркази экани билан алоҳида ажралиб туради. Кеча биз “Қирол Темур” музейига бордик, у ерда сизларнинг ўрта асрлардаги тарихингиз ҳамда ақлбовар қилмас даражадаги тараққиётингизга гувоҳ бўлдим. Спорт соҳасидаги ривожланиш ҳам худди шу тарзда бўлган”.

Паралимпия ҳақида

“Мен 4 йилдан ошиқ вақт давомида Халқаро Паралимпия Ассоациациясида ишлаб келмоқдаман. Бу муддат давомида пара спортчиларнинг қийинчиликлари, машаққат-у захматларига ўз кўзим билан гувоҳ бўлганман. Шахсан ўзимнинг қизим ҳам ногирон. Унинг соғлигида оёғи билан муаммолари мавжуд. Мен уни паралимпия спортига берганман ва қизим деярли 3 йилдан бери спорт билан шуғулланиб келмоқда. Шундай экан, спортчиларни тушунаман. Ташкилот раҳбарининг спортчиларни тушуниши эса муҳим аҳамиятга эга”.

Ўзбекистоннинг Токио Паралимпия ўйинларидаги иштироки ҳақида

“Ўзбекистон Паралимпияси жаҳон спортида ўз ўрнига эга. Албатта, уларнинг Токиодаги юришини диққат билан кузатиб бордим. 19 та медаль қўлга киритишнинг ўзиёқ делегациянинг қанчалик кучли эканлигидан далолат беради. Мен ўзбек спортини деярли 10 йилдан бери биламан ва бу вақт давомида спортингиз тинимсиз ўсиб келмоқда. Токио-2020 даги натижалар ҳам гапимга исбот бўла олади. Агар сизда ташкилий ишлар ҳамда бизнинг қўмита фаолияти бўйича шикоят ва таклифлар бўлса, эшитишга тайёрман. Сизнинг биздан мамнун бўлишингиз фаолиятимизда ўсишга олиб келади”.

Халқаро Паралимпия қўмитаси ампутантлар футболини паралимпия дастурига киритиши мумкинлиги ҳақида

“Ўзбекистонда ампутантлар футболи ривожланганидан хабарим бор, адашмасам, улар амалдаги жаҳон чемпионлари ҳам. Бизда ушбу спорт турини ҳам дастурга киритиш бўйича режа бор, бироқ бу ҳали 100 фоиз аниқ эмас. Янги йил арафасида қўмитамизда катта конференция ўтказилади ва мен унда ушбу ғояни илгари сураман. Ўйлайманки, бу нарса ижобий якунланади. Якуний қарор келаси йил бошида эълон қилинади. Барчангизга катта раҳмат”, дейди Парсонс.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси Токио-2020 Паралимпия ўйинларида 19 та: 8 та олтин, 5 та кумуш ҳамда 6 та бронза медалларини қўлга киритган эди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 107
Рейтинг: 3
t
×