18+: Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик, таҳдид, тазйиқ кескин ошди 

Жамият

2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда қарийб 18 минг аёл тазйиққа учраган. 9 минг нафар аёл руҳий зўравонлик қурбони бўлган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баравар, ёки 5 мингтага кўп дегани. Бу ҳақда Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ҳамда Гендер тенглиги масалалари бўйича комиссиянинг кенгайтирилган йиғилишда Сенат Раиси Танзила Норбоева сўз очди. 

“Ижтимоий тармоқларда ҳар куни у ёки бу ҳудудда зўравонликка учраган аёллар ҳақида ахборотлар келиб турибди. Умуман олганда, биринчи ярим йилликнинг уч ойида оилаларда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганлар сони олдинги йилнинг уч ойига қараганда, икки ярим бараварга ортган. 2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра 6 минг 688 нафар хотин-қизларимиз тазйиққа учраган бўлса, 1 июль ҳолатига кўра, уларнинг сони 17 минг 919 нафарга етган. Яъни уч ой ичида 11 минг нафарга ортган”, дея таъкидлади Танзила Норбоева.

Шунингдек, йиғилишда Комиссия раиси авваллари аёллар калтак еса ҳам, жабрланса ҳам қаерга ва кимга мурожаат қилишни билмаганини алоҳида урғулади. Бугун зўровонликка учраётган аёллар борасидаги рўйхатнинг кенгайиб, рақамлар сони ортиб бориши бошқа томондан яхши ҳодиса эканини таъкидлади. Норбоевага кўра, бу аёллар бундай ҳолатларга дуч келганда кимга ва қаерга мурожаат қилишни билаётганини англатади. 

“Бу ёмон албатта, лекин яхши тарафи ҳам бор. Улар ҳозир ҳуқуқий саводхонлиги ошиб, мурожаат қилишни ўргангандир, балки. Олдин [аёллар] калтак еса ҳам, зўравонлик қурбони бўлса ҳам кимга, қаерга, қандай мурожаат қилишни билмас эди”, дейди Сенат раиси.

Йиғилишда, Танзила Норбоева аёллар руҳий зўравонликка учраётгани, аммо оилалар бу ҳолатга эътиборсиз қараётгани, ҳатто, ички ишлар ходимларининг зўравонлик ва тазйиқ ҳақида етарли билимга эга эмаслигини танқид остига олди. 

“Биргина руҳий зўравонликка тўхталадиган бўлсак, 2020 йилда 4 мингга яқин руҳий зўравонлик содир этилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида бу рақамлар икки баробарга ортиб, 9 мингга етган”, дейди Норбоева.

Йиғилишда таъкидланишича, иш жойларида аёлларга нисбатан бўлаётган зўравонлик ҳолатлари жорий йилда 337 тани ташкил этган. Бу эса ўтган йилга нисбатан 283 тага кўп дегани. Шунингдек, жамоат жойларида ҳам ёлларга нисбатан жорий йилнинг ўзида 610 та жиноят содир этилган. Бу эса жамоат жойларидаги зўравонликлар ўтган йилгига нисбатан 459 тага кўпайганини кўрсатади. 

Сенат раисига кўра, масъул идоралар оилалардаги жанжалларга панжа ортидан қараб, уларни хаспўшлашга уринмоқда. 

“Бундай ҳолатларга баъзи оилалар “бу тазйиқ эмас” ёки “бу зўравонлик эмас” дейди. Улар шунчаки уришиб қолди, дея ўзини оқлайди. Ҳатто, ички ишлар ходимлари “бўлади-да оилада, кетаверинг, ярашиб оласизлар”, деб қайтариб юбориш ҳолатлари ҳам кузатиляпти”, дейди Танзила Норбоева.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

353

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг