130 та жанговар самолёт тўлиқ шай ҳолатда – НАТО раҳбари Россияни таҳдидомуз огоҳлантирди

Олам

image

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россияни Украина тинч аҳолисига ҳужум қилишда айблаб, бу каби ҳаракатлар уруш жинояти эканлигини таъкидлади. 

Альянс раҳбари бугун, 8 март куни Брюсселда Латвия Президенти Эгилс Левитс билан музокаралар якунида журналистларнинг саволларига жавоб берган. 

Унинг таъкидлашича, Россиянинг Украинага қарши ҳужуми бошланганидан бери кўп сонли тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган, икки миллион нафаргача аҳоли қочқинга айланган.

“Европа Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери энг катта мигрантлар инқирозига дуч келмоқда. Тинч аҳоли ҳатто эвакуация қилинган пайтда ҳам ўққа тутилмоқда. Бундай ҳаракатлар уруш жинояти ҳисобланади. Бу қабул қилиниши мумкин эмас. Гуманитар йўлакларни тўлиқ таъминлаш муҳим”, дейди у. 

Шу билан бирга, у уруш Украинадан ташқарига ҳам тарқалмаслиги учун барча томонлар масъул эканини уқтирган.

“Ҳодисаларнинг бундай ривожланиши хавфлироқ ва ҳалокатли бўлиши мумкин. Вазият назоратдан чиқиб кетиши мумкин”, дея огоҳлантирган Столтенберг. 

Бош котиб Россиянинг агрессивлигига жавобан НАТО шарқий қанотдаги қудратини кучайтирганини эслатган.

“130 та жанговар самолёт тўлиқ шай ҳолатда. Шимолдан Ўрта ер денгизига 200 та ҳарбий кемалар жойлаштирилган. Минтақага минглаб ҳарбий хизматчилар сафарбар этилган”, дейди у Россияни огоҳлантириб. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия-Украина уруши

Баҳолаганлар

290

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг