“Челси” ва мени биргаликда улкан муваффақият кутяпти — Лукаку

Спорт 1534
image

Аввалроқ, Англиянинг “Челси” клуби “Интер” клуби форварди Ромелу Лукакуни 115 миллион евро эвазига ўз сафига қўшиб олгани ҳақида маълумот берган эдик. Трансфер ҳақида расман маълум қилингач, Лукаку бу қарори ҳамда кейинги мақсадлари борасида “Goal.com” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Мен “Челси”дан кетганимдан сўнг, фаолиятимда жуда кўп парвоз ва қулашлар бўлди. Бироқ шулар мени янада кучлироқ қилди.

Мазкур ажойиб клубга қайтганимдан мамнунман. Узоқ йўлни босиб ўтдим: аввалига кўп нарсани ўрганиши керак бўлган ёш йигитча сифатида бу ерга келгандим. Ҳозир эса бу ерга тажрибали футболчи сифатида қайтдим. 

Клуб билан алоқаларимиз мен учун кўп нарсани англатишини биласиз. “Челси”ни ёшлигимдан бери қўллаб-қувватлаб келаман. Энди клубга қайтиш ва унга янги совринларни ютишда ёрдам бериш имкониятидан қувонч, бахт ҳисларини туймоқдаман.

Клубнинг ривожланишда эканлиги менинг қараш ва мақсадларимга тўғри келади. Ахир мен 28 ёшдаман ва эндигина Италия чемпионатини ютдим, холос. Бу имконият мен учун идеал вақтда пайдо бўлди. Клуб ва мени биргаликдаги улкан мувафаққият кутяпти. 

Вазифам — “Челси”га янги совринларни ютишда ёрдам бериш. Янги мавсум бошланишини кутишга сабрим чидамаяпти”, дейди Ромелу Лукаку.

Маълумот учун, Лукакунинг “Челси”га трансфери орқали дунёнинг энг қиммат футболчиси номи янгиланди. Ромелу энди дунё бўйича клублар томонидан трансфери учун энг кўп пул сарфланган футболчига айланди — 324 миллион евро (“Эвертон” 15 млн, “Челси” 35,3 млн, “Манчестер Юнайтед” 84,7 млн, “Интер” 74 млн, “Челси” 115 млн). Рейтингнинг кейинги ўринларида ПСЖ ҳужумчиси Неймар (жами 310,2 миллион) ҳамда “Ювентус” форварди Криштиану Роналду (230 миллион) жой олган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 21
Рейтинг: 3.1
t
×