Ҳаво иссиқлиги ўйинимизга таъсир кўрсатди — Абрамов Яман билан ўйин ҳақида

Спорт 1573
image

Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси кеча, 11 июнь куни ЖЧ-2022 саралаши доирасида Яман терма жамоасига қарши ўйин ўтказди ва минимал, 0:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Ўйиндан сўнг Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи Вадим Карленович Абрамов учрашув ҳақидаги фикрлари ҳамда Саудияга қарши ўйин хусусида сўз юритди.

“Қийин ўйин бўлди, биз буни кутгандик. Чунки ҳар бир ўйинни йирик ҳисобда юта олмайсиз, бу жуда қийин. Лекин биз имкон қадар ҳаракат қилдик. Яманда кейинги босқичга чиқиш имконияти қолмаган бўлса ҳам, улар курашишини билардик ва кутганимиздек бўлди, якунда ғолибмиз.

Нариги томондаги ўйинни ҳам кўрдим, Саудия сўнгги 10 дақиқа ичида масалани ҳал қилибди, бу — жуда катта нарса. Аммо айнан шу фактор бизнинг фойдамизга ишлаши мумкин. Ишонаманки, Саудияни ҳам енгса бўлади, фақат бир темпда, охиригача ўзгармай ўйин кўрсатиш зарур. Машғулотларда буни шакллантиришга ҳаракат қиламиз.

Яманни фақат дарвозабон қутқарди. Унинг омадли ҳамда ишончли ўйини бизга қарши иш берди. Бу билан уларни табриклайман. Бундан ташқари, ҳаво иссиқлиги ҳам ўйинимизга таъсир кўрсатди, ҳисобнинг йирик эмаслиги ҳам шундан. Йигитларни табриклайман, энди Саудияга қарши ўйинга тайёрланамиз”, дейди Абрамов.

Маълумот учун, ўйин тақдирини ҳал қилган ягона голга 19-дақиқада Жалолиддин Машарипов муаллифлик қилди, Одил Аҳмедов эса пенальтидан унумли фойдалана олмади.

Яман билан баҳсда минимал ҳисобдаги ғалабани сақлаб қолган Ўзбекистон терма жамоаси очколари сонини 15 тага етказиб, 2-ўринда қолди. Яман эса 5 очко билан 5-поғонани эгаллаб турибди. 

Сўнгги, 8-тур доирасидаги Саудия Арабистони ҳамда Ўзбекистон учрашувидан сўнг гуруҳ ғолиби номи маълум бўлади. Баҳс 15 июнь, сешанба куни ўтказилади.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 3
t
×