Ҳужум қилганга нисбатан қурол қўлланилади. Генерал-майор Жўраев огоҳлантириш билан чиқди

Жамият

image

Қорақалпоғистонда қуролланган ходимларга ҳужум қилинган тақдирда ҳужум қилган шахсга нисбатан қурол қўлланилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони, генерал-майор – Қорақалпоғистонда Фавқулодда ҳолат режими коменданти Рустам Жўраев маълум қилди. 

“Алоҳида таъкидламоқчиманки, Ҳарбий қисм ёки қўриқланадиган объектларга, қуролланган ходимларга қурол эгаллаш учун ҳужум қилинган тақдирда, қонун билан белгиланган ваколат асосида, ҳужум қилганга нисбатан қурол қўлланилади”, дейди Жўраев. 

Унинг қайд этишича, фавқулодда ҳолат амал қилиш даврида тинчликни ва осойишталикни, жамоат тартибини сақлаш учун тажриба ва куч-воситалар етарли.

Жўраев фуқаролар чекловларни бузган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 204-моддаси – Фавқулодда ҳолат тартибининг талабларини бузиш ва 205-модда – Фавқулодда ҳолат тартиби шароитида жамоат тартибига тажовуз қилиш – моддалари билан 30 суткагача маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини эслатган.  

“Фавқулодда ҳолат амал қилиш даврида чоралар ва талабларга риоя қилишингизни сўраймиз. Биргаликда саъй-ҳаракатларимиз тинч ва осойишта ҳаётимизга қайтишимизни таъминлайди”, дейди сўз якунида Рустам Жўраев.

Маълумот учун, жорий йилнинг 2 июль куни соат 14:45 да Нукус туманидан тахминан 300 нафар шахс Нукус шаҳар томон ҳаракатланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, Нукус шаҳридаги блок постда хизмат олиб бораётган 50 нафар Миллий Гвардия ходимининг махсус воситаларини (рация, дубинка, каска, шумовая граната, щит) қўлга киритган.

Шу куни Хўжайли туманидаги ҳарбий постга номаълум шахслар томонидан хужум уюштирилиб, қурол-яроғ тортиб олинган, “Нукус халқаро аэропорти”га, Нукус шаҳридаги маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланувчи Реабилитация марказига, Нукус шаҳар ИИБ биносига ҳужумлар уюштирилган.

Оммавий тартибсизликлар давомида Нукус шаҳридаги “Las Vegas” кафеси ёнида давлат рақами 40 L 340 QA бўлган MAN русумли юк транспорт воситаси, “Эски шаҳар”даги марказий масжид олдида давлат рақами 01 267 UFA бўлган “КамАЗ” русумли юк транспорт воситаси, Шуманай туманидаги “Исмоилов Жабборберген” фермер хўжалигига тегишли бўлган вагон ёқиб юборилган.

Нукус шаҳар Спорт комплекси ёнидаги “Дўстлик” канали кўпригига, Нукус шаҳридаги кўплаб бино-иншоотлар ва йўл тўсиқларига ҳам кўплаб талафотлар етказилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Рустам Жўраев

Баҳолаганлар

891

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг