“Ҳокимликларнинг мақсади – коррупция”. Ишдан кетган Омбудсман нималар деган эди?

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев лавозимидан озод этилди

Сўнгги вақтларда зўравонлик, тазйиқ ва қийноқлар кўпайиб бораётгани, ундан жабр чекаётганларнинг арз-доди кўпинча эшитилмагани қулоққа чалинаётган эди. Инсон ҳуқуқининг бузилишини фақат зўравонлик қурбони бўлишда эмас, балки сўз ва матбуот, виждон эркинлиги, меҳнат, уй жойга эгалик, сайлаш, ўз фикрини эркин ифода этиш каби ҳуқуқлари бузилишида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистонда инсон ҳуқулари борми, деган савол эса кўпчиликни йиллар давомида жавоб беришга иккилантириб келаётган масала сифатида кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Улуғбек Муҳаммадиев 2015 йил 15 май куни Олий Мажлис инсон ҳуқуқлари бўйича вакили лавозимига сайланганди. Омбудсманнинг йиллар давомидаги фаолияти кимлар учундир маълум, кимлардир эса, уни ҳалигача яхши билмайди. 

Ёдингизда бўлса, Улуғбек Муҳаммадиев QALAMPIR.UZ билан интервьюда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши борасидаги бир қанча саволларга жавоб бериб, ҳолатлар бўйича ўз муносабатларини билдирганди.

Мазкур суҳбатда Улуғбек Муҳаммадиев:

  • ҳозиргача судларга босим бўлаётгани;
  • судгача бўлган даврда адолат йўқлиги;
  • ҳокимликлардаги коррупция;
  • диний экстремизм билан қамалган маҳкумларга бўлган муносабат;
  • ОAВга бўлаётган босим;
  • Ўзига пора таклиф қилишгани;
  • кийноқлар камерасиз хонада бўлаётгани;
  • алоҳида Тергов қўмитасини ташкил этиш зарурати;
  • кийниқларнинг Ўзбекистон имижига таъсири;
  • омбудсман айрим вазиятда ўзини айбдор ҳис қилиши ҳақида гапирганди.

Жумладан, Улуғбек Муҳаммадиев QALAMPIR.UZ билан интервьюда аҳоли учун ҳақиқий бош оғриғига айланган "снос" масаласига ҳам тўхталиб, одамларнинг яшаб турган жойидан чиқариб юборилишини инсоннинг шахсий мулкига бўлган тажовуз эканини айтиб ўтганди.

“Бу – тўғридан-тўғри инсоннинг шахсий мулкига бўлган тажовуз. Шу билан бирга инсон ҳуқуқининг очиқчасига бузилишидир. Турли идора ва ҳокимиятлар бир оилани яшаб турган уйдан чиқариб юбориб, уйини бузиб ташлаяпти. Бу тамоман инсон ҳуқуқлари бузилишининг очиқчасига ва сўз билан таърифлаб бўлмайдиган кўриниши. Одамларни уйлари бузиляпти-да, пули ҳам тўланмаяпти. Шу билан бирга кўчага хайдаб юбориляпти. 

Пул тўлаш ҳам номига. Бир одамнинг эгаллаб турган уйи билан улар бераётган маблағ тенг эмас. Бу нарсаларни гапириш керак. Бу ишларни очиқчасига маҳаллий ҳокимликлар қиляпти”, деганди Омбудсман.

Улуғбек Муҳаммадиевнининг таъкидлашича, ҳокимларнинг тадбиркорларга ер ажратиб бериш масаласида тартибсизлик ва бошбошдоқлик мавжуд, бундан мақсад эса, коррупция.

“Бизда қизиқ тенденция бор. Бир ҳоким тадбиркорга ер ажратиб беради. У ернинг қандай ажратилгани ҳокимга ва худога аён. Тадбиркор у ерда иш бошлаб, бино қуради. Орадан маълум вақт ўтиб, бошқа ҳоким келади ва аввалги ҳоким чиқарган қарорни бекор қилиб, айнан ўша ерни бошқа тадбиркорларга қарор чиқариб, бериб юборяпти. У ҳам майли эди, шу орада ҳоким учинчи марта ўзгарса, у ҳам ўз қарорларини чиқаради. Ва бошқа тадбиркорларга сотиб юборади. Ҳаммаси “каша” бўлиб ётибди. Бу нима деган гап?

Aгар бу ишларни Aдлия вазирлиги таҳлил қилса, дахшатли манзара пайдо бўлади. Ҳокимликларнинг бу ишларни қилишдан мақсади нима эканлиги аён. Мақсад – коррупция, бошқа нарса эмас”, деганди Омбудсман.

Шунингдек, Омбудсман ушбу интервьюда камерасиз хоналарда ўтказилаётган терговлардаги қийноқлар ҳақида ҳам сўз очган. QALAMPIR.UZ Андижондаги қийноқлар масаласи юзасидан Улуғбек Муҳаммадиевга юзланган.

Муҳаммадиев гапни чўзмаган. Индаллоси қийноқ ва тазйиқдан фойдаланилаётган терговлар камерасиз хоналарда, ими-жимида бўлаётганини у ҳам яхши билган.

“Aфсуски, барча тергов жараёнлари айнан камера бор жойда бўляпти, деб айтолмаймиз. Биргина Aндижон воқеасини олсак: бу воқеа аниқ камерасиз хонада бўлган. Aйнан қайси хонада эканини билмадим, лекин камерасиз хонада. Инсонни бу даражада уриш учун, билмайман қандай [ваҳший] бўлиш керак. Aқлга сиғдиролмайсиз-да”, деганди Улуғбек Муҳаммадиев.

Омбудсман Андижон вилояти ҳокимининг “Вилоят ҳокимига, Президент вакилига “сассиқ” гапириб, оғзига эрк берганди, шарт ҳужжатларини тўғрилаб, 15 суткага тиқиб қўйдим”, дея гапирган овозли ёзувига муносабат билдирганди.

“Агар шундай бўлган бўлса, бу инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўлади. Лекин, ҳокимларда 15 суткага қамаш ваколати йўқ. Бу ерда ҳоким эмас, 15 суткага қамаган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган айбдор бўлади. У – мустақил ташкилот. Демак, қонуний қарор қабул қилиши керак. Айтиши керак: “кечирасиз, жаноб ҳоким, мен бу ишни қилмайман, чунки бу қонунга зид”. Юўлди, шу билан масала ёпилади. Бу ерда барча масъулият ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда”, деганди Омбудсман.

QALAMPIR.UZ Улуғбек Муҳаммадиевнинг лавозимидан озод этилиши сабабларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари вакили Матбуот хизмати раҳбари Фотима Мадрахимова билан боғланди. Унинг таъкидлашича, Муҳаммадиев ўз аризасига кўра истеъфога чиққан.

“Улуғбек Муҳаммадиев беш йиллик сайлов муддати якунлангани сабабли, ўз аризасига кўра, ишдан кетди. У ўз номзодини қайта кўрсатишни хоҳламади. Аслида, Омбудсман сайлови 2020 йил бўлиб ўтиши керак эди. Лекин, пандемия сабабли қолдирилганди”, дейди у.

Бугун, 15 январь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) этиб сенатор Феруза Фарҳодовна Эшматова сайланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

417

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг