Ҳокимлар хизматидаги автотранспортнинг максимал нархи белгиланади

Жамият

image

Ўзбекистонда ҳокимлар ва давлат идоралари раҳбарларини хизмат машинаси билан таъминлашда автотранспорт воситаларининг максимал нархларини чегаралаб қўйиш режалаштириляпти. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурҳонов маълум қилди.

Бурҳонов, айрим мансабдор шахслар бугунги мураккаб (пандемия) шароитида давлат маблағларининг самарали сарфланиши нақадар муҳим эканлигини тўла англаб етмаётганини таъкидлаган. 

“Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама бўлаётган – қиммат нархлардаги хизмат автотранспортларини харид қилиш – бунга яққол мисол бўла олади”, дейди агентлик раҳбари.

Бундай ҳолларда давлат хизматчиларига “Ҳалоллик вакцинаси”ни норматив ҳужжатлар қабул қилиб, тегишли чекловларни қўллаш орқали сингдиришдан бошқа чора қолмаяпти, дея сўзини давом эттирган Акмал Бурҳонов.

Маълум қилинишича, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасида айнан мана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳага кўра, Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ходимларига хизмат авторанспортларни классига қараб бириктириш нормативлари (энг юқори нархлари) белгиланади.

Жумладан, туман, шаҳар ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспорти нархи БҲМнинг 1200 баравари (267 млн. 600 минг сўм)дан  ошмаслиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари хизмат автомашинаси нархи эса БҲМнинг 700 баравари (156 млн. 100 минг сўм)дан  ошмаслиги керак бўлади.

Давлат ташкилотларида фойдаланишда мавжуд бўлган хизмат авторанспортлари хатловдан ўтказилади ва белгиланган нормативлардан ортиқча бўлган хизмат автотранспортлари “E-IJRO AUKSION” орқали аукцион савдоларда сотилиши таъминланади.

Хизмат авторанспортларини сотишдан тушган маблағлар эса тегишлича республика бюджетига ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтирилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларини янгисига алмаштириш ундан камида 5 йил фойдаланилгандан сўнг амалга оширилади. Бунда автотранспортнинг теxник ҳолати, ундан фойдаланиш xавфсизлиги, шунингдек, янгисига алмаштиришнинг иқтисодий мақсади инобатга олиниши лозим бўлади.

Бундан ташқари, хизмат автотранспортларидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилиши жамоатчилик томонидан назорат қилинади ҳамда хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг махсус веб-порталига, шунингдек, махсус мобиль дастурий таъминотига фото ва видео материалларни жойлаштириш орқали хабардор қилинади.

“Ўйлайманки, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши бугунги кун учун жуда долзарб масалага айланган — бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, унинг устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилишига хизмат қилади”, дейди Акмал Бурҳонов.

Аввалроқ, Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани ҳокими Captiva туриб, хизмат машинаси сифатида 370 млн сўмга Trailblazer русумли автомобиль сотиб олгани хабар қилинганди.

Кейинроқ Сурхондар вилоят Давлат солиқ бошқармаси Молия вазирлигининг расмий хатини қалбакилаштириб, Nexia-3 ўрнига 349 млн сўмга Equinox сотиб олгани маълум бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳоким хизмат автомобили

Баҳолаганлар

752

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг