Ҳоким ёрдамчиларини махсус ҳалоллик курсларида ўқитиш бошланди

Жамият

image

Ўзбекистонда сўнгги вақтларда коррупция ва фирибгарлик устида қўлга тушаётган ҳоким ёрдамчилари ҳалолликни кучайтириш бўйича махсус курсларда ўқитилади. Бундай тизим аллақачон йўлга қўйилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, январь-май ойларида ҳоким ёрдамчилари томонидан порахўрлик, мансабдорлик ва фирибгарлик билан боғлиқ жами 14 та жиноят содир этилган.

Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида агентлик томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ҳудудлар кесимида ҳоким ёрдамчиларини коррупцияга қарши кураш ва ҳалоллик бўйича махсус курсларда ўқитиш тизими йўлга қўйилган.

Хабарга кўра, дастлабки курслар 20 июнь куни Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган. 21 июнь куни Қашқадарё вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида давом этган бўлса, 1 июлга қадар мамлакатнинг барча вилоятларида бўлиб ўтади.

“Курсларда коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, корррупциянинг олдини олиш борасида жорий этилаётган янги механизмлар, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти, давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш тизимини жорий этиш, манфаатлар тўқнашувини самарали бошқариш йўналишларида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда маҳаллалардаги айрим ҳоким ёрдамчилари кредит, субсидия, ер олиб бераман, деб таъмагирлик қилаётганини танқид қилганди. Қайд этиш керакки, ҳоким ёрдамчиси лавозими давлат раҳбарининг таклифига биноан йил бошидан жорий қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳоким ёрдамчилари

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг