Ҳазораспда ҳоким ўринбосари 6 йилга, тиббиёт бирлашма бошлиғи 5 йилга қамалди

3-саҳифа

image

Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида жойлашган тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўз ходимини ишда олиб қолиш эвазига 300 АҚШ доллари пора олаётганда ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан, Хоразм вилоят прокуратураси, Уюшган жиноятчилик ва коррупсияга қарши курашиш бўлими алоҳида ишлар бўйича катта терговчиси Шаҳзод Воисов маълумот берди.

Терговчининг айтишича, Ҳазорасп туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи бирлашманинг 1.5 ставкада ишлаб келаётган навбатчи шифокорига пенсия ёшига етганлиги сабабли уни ишдан бўшатишини айтган. Лекин, агар яна 1 йил шартнома асосида ишлашни хоҳласа 300 АҚШ доллар пора беришини талаб қилган. 

“Ўзининг жиноий шериги бўлмиш тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими навбатчи шифокори орқали хизмат хонасида пора олаётган вақтда ушланган бирлашма бошлиғига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланиб, суд ҳукми билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган", деган Воисов.

Ажабланарлиси,  шу йилнинг март ойида ерни расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 12 минг АҚШ доллар миқдорида пора олаётганда, далилий ашёлар билан қўлга тушган худди шу туманнинг ҳоким ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган мансабдорга эса 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

Ҳазорасп тумани ҳокими ўринбосари туманнинг Қирқтепа маҳалласида ноқонуний қурилган турар-жой биноларини бузмаслик ва туман ҳокимлиги захирасидаги 1800 кв.м. ер майдонини турар-жой қуриш учун ажратиб, зарур ҳужжатларни туман ҳокимлиги ва кадастр бўлимидаги танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 12 минг АҚШ долларни пора тариқасида олаётганида ушланган.  Бу ҳақида аввалроқ QALAMPIR.UZ да хабар берган эдик.

Катта терговчи Шаҳзод Воисов сўзларига кўра, суднинг ҳукми билан ҳоким ўринбосари 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 

Демак, 300 АҚШ доллар пора олган шифокорга 5 йиллик жазо, 12 минг АҚШ доллари пора олган ҳоким ўринбосарига эса 6 йиллик қамоқ жазоси берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёлик амалдорлар 2500 АҚШ доллар билан қўлга тушганлиги ҳақида маълумот берган эдик.

Чарос Холмуродова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

138

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг