Ҳайдовчи Оҳангаронда шафқатсизларча ўлдирилганди. ИИББ мудҳиш жиноятни фош қилди

Жамият

image

Жорий йилнинг 5 январь куни Фарғона вилояти Данғара туманида яшаган 1962 йилда туғилган марҳум К.Йўлдошев ўзига тегишли бўлган Cobalt автомашинасида “Қўқон-Тошкент” йўналиши бўйлаб кира қилиш мақсадида уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган.

Бедарак йўқолган К.Йўлдошев бошқарувида бўлган бўлган Cobalt автомашинаси 8 январь куни Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар “Янгиобод” МФЙ ҳудудида, унинг мурдаси эса тан жароҳатлари билан “Aнгрен” дарёси қирғоғида чакалакзордан топилган эди.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Прокуратура ходимлари томонидан олиб борилган қидирув суруштирув ишлари давомида мазкур мудҳиш жиноят иши фош этилди.

Ушбу жиноятни 1998 йилда туғилган, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси У.Ё. томонидан содир этилганига етарли маълумот ва далиллар тўпланиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “и” банди билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Гумонланувчи У.Ё. айбига иқрор бўлган. 

Гумонланувчининг сўзларига кўра, 2020 йилнинг 5 январь куни соат тахминан 22:40 ларда Оҳангарон шаҳрига “Тошкент-Қўқон” йўналиши бўйича ҳаракатланувчи таксилар автотураргоҳига борган. Шу ерда марҳум К.Йўлдошев билан Фарғона вилоятининг Бешариқ туманига олиб бориб қўйишини айтиб у билан келишган ва йўл-йўлакай Оҳангарон туманидан оқиб ўтувчи “Ангрен” дарёси яқинидаги маҳаллалардан бирига кириб ўтишларини маълум қилган.

Шундан сўнг, улар белгиланган дарё яқинига борган вақтида, гумонланувчи дастлаб ёнида бўлган темир бўлаги билан ҳайдовчининг бош қисмига бир неча маротаба уриб кейин эса уни машинадан тушириб ердаги тош бўлаги билан уриб хушидан кетказган. Сўнг, ҳайдовчининг чўнтагида бўлган пул ва уяли телефонни олаётган вақтида ҳайдовчи хушига келиб бақирмоқчи бўлганида, ёнида олдиндан тайёрлаб қўйган пичоғи билан ҳайдовчининг олд кўкрак ва орқа соҳасига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказган.

Кейин эса ҳайдовчининг мурдасини автомашина жойлаб, “Телов” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Ангрен” дарёси яқинига олиб борган ва унинг уст кийимларини ечиб, танасидаги бармоқ изларини сув билан ювиб пастликка ташлаб юборган.

Жиноят изларини яшириш мақсадида, ҳайдовчининг уст кийимлари, қўл телефони ва ўзининг бармоқ изи тегган барча буюмларни, машинанинг захира балони, пичоқ ва темир бўлагини сувга отиб юборган. Автомашинани эса Оҳангарон шаҳар Янгиобод маҳалласи ҳудудида қолдириб, воқеа жойидан яширинган.

Шунингдек, суруштирувлар давомида гумонланувчи У.Ё. нинг Оҳангарон ва Олмалиқ шаҳарларида содир этган бошқа жиноятлари ҳам фош этилиб, Оҳангарон шаҳар ИИБ Тергов бўлими томонидан унга нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқ танланган.

Ҳозирда мазкур жиноят ишлари юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

қотиллик Оҳангарон

Баҳолаганлар

2041

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг