Ҳайдаров Аҳмедовнинг нега марказда эмас, ҳимояда ўйнаганига изоҳ берди

Спорт

image

Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг Саудия Арабистони – Ўзбекистон ўйинида Миллий терма жамоа яримҳимоячиси Одил Аҳмедов нега майдон марказида эмас, балки ҳимояда ўйнагани кўплаб баҳс ва мунозараларни келтириб чиқарди. Аҳмедовнинг ўзи бугун, 19 июнь куни Миллий олимпия қўмитасида ўтган Ўзбекистон футбол ассоциацияси конгрессида бунга изоҳ бермади, узр сўради ва МТЖдаги фаолиятини якунлаганини айтди. Масалага ЎФА терма жамоалар бўлими бошлиғи Азиз Ҳайдаров муносабат билдирди. 

У ҳам ҳамкасби Аҳмедов ва МТЖ бош мураббийи лавозимида ишлаб келган Вадим Абрамов каби сўзини узр сўрашдан бошлади. 

“Олдимизда турган вазифа учинчи босқичга чиқиш ва бевосита ЖЧ иштирокчисига айланиш эди. Терма жамоа учун барча шароитни яратиб бердик”, дейди Ҳайдаров.

Хўш, Ҳайдаров айтганидек ЎФА терма жамоага барча шароитларни яратиб берган бўлса, нега яна тарвузимиз қўлтиғимиздан тушганча қолдик? Ҳайдаров сабабларни ипга терди: 

“Вадим Aбрамов айтганидек, ўйиндан олдин йигитлар Одил Aҳмедовнинг ҳимояда ўйнашини илтимос қилишганди. Aлбатта, уларнинг илтимосини мураббийга етказиб қўйгандим. Бу каби жиддий ўйинлар олдидан спортчилар мураббий билан гаплашишлари тўғри бўлади. Футболчилар нима хоҳлашларидан қатъи назар бир иш қилишдан аввал бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари керак ва ғалаба шунинг ортидан келади”.

Азиз Ҳайдаров МТЖнинг ўйин услуби ҳақида ҳам фикр билдирди. 

“Мен олдиндан айтадиган бир гап бор, ҳозир ҳам айтаман: тактик томонлама доим камчилигимиз бўлган, бу гал ҳам шу нарсага дуч келдик. Бизнинг хатомиз – фақат битта режамиз бўлгани. Aгар икки ёки учта режа билан борганимизда, балки натижа бошқача бўларди. Бу нарсадан ҳаммамиз ўрнак оламиз. (!) Ўйлайманки, футболчи ва мураббийлар, футбол атрофидаги одамлар ҳам тўғри хулоса чиқаришади.  

Агар Абрамов танлаган таркиби билан керакли натижага эришганида, ҳеч ким муҳокама қилмасди. Абрамов терма жамоага халқниг фикри билан тайинланган. Мураббийлар кенгаши бор, раҳбарият мураббий масаласида менга мурожаат қилганида, унинг психологик томондан футболчиларни тайёрлай олиши инобатга олинган”, дейди Ҳайдаров.

Собиқ футболчи Ўзбекистон МТЖ сафида 85 учрашувда иштирок этиб, бир марта рақиб дарвозасини ишғол этган.

Ҳумоюн Орипов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

384

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг