Ҳашамат ва хавфсизлик: Швейцария Путин ва Байден учрашувига қандай тайёргарлик кўрмоқда?

Олам

image

Аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Жо Байден жорий йилнинг 16 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида ўзларининг илк юзма-юз учрашувини ўтказиши ҳақида хабар берган эдик. 

Жаҳон ҳамжамиятининг эътибор марказида бўлиб турган учрашув куни яқинлашган сари, у ҳақида батафсил маълумотлар пайдо бўлмоқда.

Сўнгги расмий хабарларга кўра, Россия ва АҚШ Президентларининг саммити XVIII асрга оид “Ла-Гранж” қасрида бўлиб ўтади. Ушбу кўчмас мулк Швейцариянинг тарихий ва маданий ёдгорлиги ҳамда Женева аҳолиси учун энг томошабоб жойдир. Қуйида ушбу кўҳна қаср ҳамда тайёргарлик жараёни ҳақида сўз боради. 

Ушбу кўчмас мулк тарихи 1706 йилдан бошланади. Ўша йили бўлажак қаср қуриладиган жойни банкир Марк Люллэн сотиб олди. Кейинроқ банкир Люллэннинг ўғиллари 1768-1773 йиллар оралиғида “Ла-Гранж” қасрини қурди ва у ерда французча услубдаги боғ барпо этди.

1800 йилда қасрни Шарқ билан савдо-сотиқ ва Марсель порти орқали юк ташишдан катта фойда кўрган женевалик Франсуа Фавр сотиб олди.

Фавр оиласи қаср олдидаги боғни замонавийлаштириб, шерлар билан монументал кириш жойи, пергола (қуёшдан ҳимоя қилувчи, юқорига қараб ўсган ўсимликлар соябони — таҳр.) ва иссиқхона қурдирди.

Кейинчалик қасрда кутубхона пайдо бўлди. XIX асрга келиб виллада расмий қабуллар ва зиёфатлар бўлиб ўта бошлади. Шундай қилиб, қасрда 1864 йилда “урушда касалланган ва яраланган аскарларга ёрдам бериш”ни тартибга солувчи Биринчи Женева конвенцияси имзоланди.

1917 йилда швейцариялик сиёсатчи Уильям Фавр (1843-1918) қасрни Женева шаҳрига васият қилиб қолдирди. Унинг даврида қаср ҳудудида эгри йўллар, кўлмак ва тошдан боғ яратилганди. 1969 йилда эса ушбу қасрда Рима Папаси Павел VI бошчилигида катта диний маросим бўлиб ўтди. Унда 70 мингга яқин киши иштирок этган. Қайд этиш керакки, Путин ва Байденнинг учрашуви олдидан ушбу қасрга янада кўрк берилмоқда. 

Саммитга тайёргарлик

ОАВ хабарларига кўра, қасрни, аллақачон, саммитга тайёрлаш ишлари бошланган. Расмийлар кўкаламзорлаштириш ва хавфсизлик бўйича иш олиб бормоқда. Ҳарбийлар ва полиция “ўта муҳим” сабабларга кўра боғни ўраб олган. Боғ атрофида радарлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан тўсиқлар ўрнатилган. “Ла-Гранж” жойлашган районда ҳарбий, махсус техника айланиб юрибди. Шунингдек, учрашув пайтида ҳар қандай турдаги самолётларнинг Женева устидан учиб ўтиши тақиқланади.

Шаҳар расмийлари Женева аҳолисини саммит куни имкони борича уйда ўтиришга чақириб, ўша куни йўллар ва кўчаларнинг тўсиб қўйилишини таъкидлаган. Маҳаллий компаниялар эса ўз ходимларини масофавий иш формати билан таъминлашга чақирилган.

“Ла-Гранж” жойлашган ҳудуд Женева аҳолиси ва сайёҳлари орасида жуда машҳур дам олиш масканидир. Бу ердан сиз энг гўзал Женева кўлининг ҳайратомуз манзараси ва фавворани кўришингиз мумкин”, дейди шаҳар расмийлари.

Маълум қилинишича, икки мамлакат делегациялари ва журналистлари “ушбу гўзалликлар билан танишиш имкониятига эга бўлади”.

1985 йилда Женевада АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Рональд Рейган ва Совет Иттифоқи раҳбари Михаил Горбачёв ўртасидаги биринчи юқори даражадаги учрашув бўлиб ўтган, аммо учрашув учун бошқа қаср — “Maison Saussure” танланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

212

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг