Ҳарбийлар Ироқ пойтахтига кирди

Олам

image
0:00
0:00
download

Ироқ пойтахти Бағдодга ҳарбийлар киритилди. Мамлакат хавфсизлик кучлари “сиёсатга аралашмасликка” ишонтирган, деб ёзмоқда “Al-Hadath” телеканали.

Бугун Бағдодга ҳарбийлар киритилгани маълум бўлди. Шу билан бирга, расмийлар намойишчиларга қарши тирик ва резина ўқлар, шунингдек, тутунли бомба ишлатилмаслигига ишонтирди.

“Армия Ироқ халқи хизматида. Хавфсизлик кучларининг вазифаси намойишчиларни ҳимоя қилиш, жамоат ва хусусий мулкни қўриқлаш, ҳар қандай қоидабузарликларнинг олдини олиш ва вазиятни беқарорлаштиришга уринаётган босқинчиларни аниқлашдан иборат”, дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Ўз навбатида, Ироқ хавфсизлик хизмати хавфсизлик кучлари ва ҳарбийлар “ҳар қандай шароитда ҳам” мамлакатга содиқлигини исботлаганини ва “сиёсий ишларга аралашмаслигини” таъкидлаган.

Ироқда оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Уларнинг иштирокчилари Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган шиа партиялари бошчилигидаги Мувофиқлаштирувчи тузилма блокидан Муҳаммад ал-Суданий номзоди бош вазир лавозимига кўрсатилганидан норози.

30 июль куни бир ҳафта ичида иккинчи марта намойишчилар Бағдоддаги парламент биносига бостириб киришди. Маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, натижада юздан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олган.

Ироқдаги сиёсий инқироз 2021 йил октябрь ойидан бери давом этмоқда. Деярли бир йил давомида мамлакат парламенти Ҳукумат таркибини шакллантира олмади, чунки сиёсий партияларнинг ҳеч бири ҳал қилувчи кўпчилик овозга эга эмас. 2022 йил июнь ойида “Садрчилар ҳаракати” партияси кўпчилик овоз тўплай олди, бироқ парламентдан чиқиб, мухолифатга ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1188

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг