Ҳар куни ўлим билан курашгандик – Шавкат Мирзиёев Когондаги портлашларни ёдга олди

Жамият

image

Хабарингиз бор, 27 апрель куни республикага Туркманистон ҳудудидан кириб келган кучли шамол Бухоро вилоятида уй-жойлар, автотранспорт воситалари, инфратузилма объектлари ва экин майдонларига зарар етказди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу табиий офат оқибатларини кўздан кечириш, зарур чора-тадбирларни белгилаш ҳамда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мақсадида бугун Бухоро вилоятига борди.

Вилоятда энг кўп зарар кўрган Олот ва Қоракўл туманларини вертолётдан кузатиб, Олот тумани марказида ҳудуд фаоллари билан учрашди. Учрашувда Олот туманининг Туркманистонга энг яқин жойлашган маҳаллаларидан бирининг оқсоқоли сўзга чиқди ва туман аҳолисининг табиий офатдан кейинги кайфияти ҳақида гапирди.

“Одамларда ишонч бор. Одамлар Когон воқеасини эслаяпти. Когонда аҳвол бундан ҳам ёмон бўлганида Шавкат Мирзиёев шу ерда ўтириб, қисқа вақтда янги Когонни қуриб берганди. Олотнинг ҳозирги аҳволи ўша Когон олдида ҳеч нарса эмас”, деди оқсоқол.

Шавкат Мирзиёев оқосоқолнинг бу сўзларига муносабат билдириб, Когонда “ҳар куни ўлим билан курашиш”га тўғри келганини ёдга олди.

“Когонда бўлган воқеалар... Когонда биз ҳар куни ўлим билан курашгандик. Ўшанда ҳам эсон-омон чиқиб кетиб, йўқотишни камайтириб, янги Когон шаҳрини қуришни бошлаганмиз. Когоннинг шароитини ҳеч эслатиб бўлмайди. Илоҳим у кунлар келмасин. Одамлар ваҳимага тушмасин”, деди Шавкат Мирзиёев Когон воқеасини хотирлаб.

Эслатиб ўтамиз, табиий офат натижасида Бухорода 31 киши жабрланиб, бир киши ҳалок бўлди. Бунан ташқари, кўплаб объектларга ва аҳоли хонадонларига зарар етди.

Маълумот учун, 2008 йил 11 июлга ўтар кечаси Когонда жойлашган ҳарбий қисмнинг ракета-артиллерия омборхонасида ёнғин чиқиб, кейинчалик давомли портлашларга сабаб бўлган. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлган, 21 киши тан жароҳати олган. Портлашлар оқибатида ўнлаб кўп қаватли уйлар зарар кўрган, бир неча бино тўлиқ ёниб кетган.

Воқеадан бир ҳафта ўтиб Когонга Президент Ислом Каримов ташриф буюрган. У совет даврида қурилган қурол-аслаҳа омбори бундай объектлар учун белгиланган норматив талабларга жавоб бермаганини таъкидлаб, Мудофаа вазирлигини бу ердаги қурол-аслаҳаларнинг сақланишига етарлича эътибор қаратмагани учун танқид қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Бухоро

Баҳолаганлар

367

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг