Ҳаммаси хаёлдан бошланади

Жамият

image

Ҳаммаси хаёлдан бошланади. Биз ҳам аввалига хаёл қурдик. Ўшанда QALAMPIR’нинг номи бор эди, холос. 2015 йилнинг январи. QALAMPIR лойиҳасига асос солинди. Ишни аввало мазкур номга монанд логотип тайёрлашдан бошладик. Ўз-ўзидан ғоялар туғилаверди. Одамларга юзлашиш, уларнинг ғояларини ўзимизники билан бирлаштириш мақсадида ижтимоий тармоқларда флешмоб ўтказдик. Бир неча кунда ижтимоий тармоқ QALAMPIR ёзуви туширилган суратларга тўлиб кетди. Флешмобда 150 нафарга яқин таниқли шахслар иштирок этди. Ўшанда 2015 йилнинг апрели эди. Аммо биз QALAMPIR номи остида қандай фаолият юритиш ҳақида қатъий қарор қабул қилмаган эдик. 

Илҳом манбаимиз одамларнинг ўзи бўлди. QALAMPIR номи ижтимоий тармоқларда пайдо бўлиши билан "бу янги интернет-сайт бўлса керак" деган изоҳлар ёғилди. Бу айни муддао эди. Одамлар эҳтиёжи бор нарсани ўзи айтди ва бизга йўл кўрсатди. 

Хаёл қуришда давом этдик. Вақт ўтди. Турли қийинчиликларни енгиб 2015 йилнинг 11 ноябрь куни QALAMPIR.UZ интернет-нашрини ишга туширдик. 

Ўшанда жамоамиз жуда тор, молиявий имкониятларимиз ҳам ҳаминқадар эди. Аммо, хаёлларимиз бор эди ва у бизни янги марралар сари илдам қадам ташлашга, мутлақо бажарамиз, уддасидан чиқамиз, қоқиламиз, лекин йиқилмаймиз дейишга ундади. Биз бажардик! Уддаладик! Ва биз 4 ёшдамиз. Бугун эса 40 йиллик тўйимизни хаёл қиляпмиз. 

Ҳисобот бермоқчи эмасмиз. Фалонча мақола чиқардик, фалон муаммони ҳал қилдик... Зотан бу мақтанадиган ишлар эмас, балки бурчимиз. Биз одамларнинг ёнида бўлиш, ҳақ сўзни айтишдек олий мақсадни гарданимизга олиб йўлга чиқдик. Бу манзилда қандай бораётганимизга эса баҳони сиз берасиз. 

Танқиддан қўрқмаймиз, пичоқни аввал ўзимизга уришни энг тўғриси деб билувчиларданмиз. Шу боис энг оғир танқидингиз бизнинг яна ва яна ўз устимизда ишлашимизга, хаёллар қуришимизга туртки бўлади. Бу хаёллар ушалганда, натижасини кўрсатганда эса унда Сизнинг ҳам ҳиссангиз бўлади. Ишонинг! 

4 йиллик меҳнатимизни сарҳисоб қила туриб, илк мақолаларимиздан бирига кўзимиз тушди. Унда Зангиота туманидаги кўп қаватли уйлардан бирининг хароб аҳволдалиги ва бунга мутасаддилар панжа ортидан қараб келаётгани ёртилганди. Ўшанда бу каби танқидларнинг интернетга чиқиши бугунгидек осон ва оддий қабул қилинадиган ҳодиса эмасди. Аммо QALAMPIR’нинг принциплари аввал бошидан аниқ эди. Унга қанчалик содиқ қолдик ёки йўқ, бу ҳам талаб ва эҳтиёждан.

Бугун сайтимизни кунига 200 мингдан зиёд фойдаланувчи кузатиб келяпти. Ижтимоий тармоқлардан биргина Instagram’нинг ўзида 1 миллиондан ортиқ фойдаланувчимиз бор. Бир вақтлар бу хаёл эди. 

Бугун ўтган 4 йил ва келажак ҳақида хаёллар қуряпмиз. Биз ҳаммаси хаёл қилишдан бошланишига ишонамиз!


Мақола муаллифи

Теглар

хаёлдан бошланади QALAMPIR.UZ 4 ёшда

Баҳолаганлар

70

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар