“Ҳамма нарса ўйлаб қилинган”. Туннель уч кунга бормай нураганига изоҳ берилди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Аввалроқ, Самарқандда 14 миллион доллар эвазига қурилган туннел очилганидан уч кун ўтар-ўтмас ёмғирга дош беролмай, деворларида ёриқлар пайдо бўлиб, сув ўтиб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат юзасидан “1-Кўприк қурилиш отряди” директор ўринбосари Азимбек Мирзаев расмий муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, кўприк ҳали тўлиқ фойдаланишга топширилмаган, қурилиш ишлари жорий йилнинг январь ойида ўз ниҳоясига етади. Сув ўтишига ташқаридан келган чиқиндиларнинг сув қочириш-ирригация тизимидаги лотокларга тиқилиб қолгани сабаб бўлган.

“Қурилиш ишлари якунлангандан сўнг, бундай ҳолат кузатилмайди. Чунки ҳамма нарса ўйлаб қилинган, чизмалари бор, фақат охирига етмагани учунгина шу ҳолат юз берди”, дейди Азимбек Мирзаев.

Маълумот учун, туннель қурилиши 2019 йил охирида бошланган бўлиб, қурилиш ишларига 143 млрд сўм сарфланган. Бу маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган. 

Туннель шаклидаги йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 675 метр. Иншоотнинг эстакада қисми узунлиги 20 метр, баландлиги 5,7 метр ва кенглиги ўртача 26,3 метрни, тиргак деворларининг умумий узунлиги 551 метрни ташкил этади.

2019 йилдаги маълумотларга кўра, мазкур туннель “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Кўприкқурилиш” трести УК томонидан амалга оширилиши белгиланган эди. 

Маълумот ўрнида, ҳали тўлиқ фойдаланишга топширилмагани бот-бот айтилаётган туннелнинг тантанали очилиш маросими 2021 йилнинг 31 декабрь куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокида бўлиб ўтган эди. Кўприк тайёр эмас экан, унга шунча пул сарфлаб очилиш маросими қилганда нима фойда? Ё Самарқанд вилояти ҳокимлиги шармандаликни лента кесиш орқали қабул қилиб олмоқчи бўлганми?


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1162

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг