Ҳали ҳам светофорда айрим қизиллар бор – Хушнудбек Худойбердиев сўз эркинлиги ҳақида

Жамият

image

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги директори ўринбосари, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда блогерлик фаолияти ҳақида гапирди. Хушнудбек Худойбердиев сўз эркинлигини трассадаги ҳайдовчи билан таққослади.

“Сўз эркинлиги ҳақида умумий хулосам шуки, Ўзбекистонда охирги йиллардаги сўз эркинлигидаги ўзгаришлар ҳақиқатан бор. Буни блогер сифатида ҳам, ахборот агентлиги вакили сифатида ҳам тан оламан. Аммо бу ўзгаришлар биз учун ҳали етарли эмас. Буни ҳам барчамиз тан олишимиз керак. Яъни биз маррага келиб бўлдик, “сўз эркинлигининг энг юқори чўққисига чиқиб бўлдик”, деган хулосага келган кунимизоқ жамиятимиз ёки сўз эркинлиги ўлишни бошлайди. Ҳали олдимизда қиладиган анча ишларимиз бор”, дейди Хушнудбек Худойбердиев.

Блогер сўз эркинлигини трассадаги ҳайдовчи билан таққослаб, “ҳали ҳам светофорда айрим қизиллар бор”, дея таъкидлади.

“Биз худди йўлга чиққан ҳайдовчига ўхшаймиз. Илгари 20 тезликдан ошириш мумкин эмасди. Светофорларда жуда кўп қизил ёнарди. Ҳозир шунақа йўлга чиқдикки, тезликни оширсак бўлади, лекин ҳалиям жуда тезликда кета олмаяпмиз. Ҳали ҳам светофорда айрим қизиллар бор. Яшиллар озгина кўпайди. Ва биз ҳаракат қилишимиз керакки, катта трассага чиқиб олишга. Кимнинг имконияти етса, 200-250 тезликда юрсин. Шунақа трассага чиқиб олишимиз учун йўллардан кетяпмиз. Ҳар қанақа трассага чиққанимизда ҳам, 200 тезликми, 300 тезликми, йўл ҳаракати қоидаларини унутмаслигимиз керак. Яъни йўлда юриш бу – қоидасиз юриш дегани эмас”, дейди у.

Хушнудбек Худойбердиев давра суҳбатини олиб борган Шерзодхон Қудратхўжаевнинг блогерлар қайсидир амалдорга симпатия билдириши билан боғлиқ ҳолатга муносабати ҳақидаги саволига жавоб берди.

“Блогерлар ҳақидаги фикрим, уларнинг кимгадир симпатияси бўлиши бу нормал ҳолат. Чунки бу – индивидуал фикр. Кимдир кимнидир яхши кўради, ҳурмат қилади ёки ёмон кўради. Бу табиий жараён ва уни чеклаб бўлмайди. Аммо шу жараёнда ҳам холисликни сақлай олса, бу блогернинг ўз имиджи учун яхши. Яъни фақатгина холисликдан узоқ бўлган, бир томонлама фикрлар билан чиқаётган блогерларни истеъмолчиларнинг ўзи белгилаб қўяверади. Уни ўқишдан чекинади. Уларнинг сўзининг таъсир кучи йўқолади. Доим субъектив ёритиб келаётганларнинг овози ҳам баландроқ, жарангдорроқ эшитилади. Уни аудитория ҳам ҳурмат қилади. Бу шахсий танлов деб ўйлайман”, дейди ҳуқуқшунос.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ҳозирги концепцияси ҳақида гапириб, мақтовлар билан давлат сиёсатини ташвиқот қилиб бўлмаслиги ва бу билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслиги, бундан давлат ҳам, халқ ҳам ютқазишини айтди.

“Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги давлатнинг ягона расмий ахборот агентлиги. Бунақа агентликлар бошқа давлатларда ҳам бор. Давлат ахборот агентлигининг мақсади, вазифалари ҳаммамизга маълум. Аммо ишлаш формати қандай? Яъни ЎзА жаҳондаги бошқа ахборот агентликлари ишлаётган форматда ишлай оляптими, деган савол бугунги кундаги энг муҳим савол. ЎзАнинг ҳозирги концепцияси шундайки, мақтовлар билан давлат сиёсатини ташвиқот қилиб бўлмайди, бу эскирган услуб. Бу билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Давлат ҳам ютқазади, халқ ҳам”, дейди ЎзА директори ўринбосари.

ЎзА директори ўринбосари Ўзбекистоннинг бош расмий агентлиги сўз эркинлиги индикаторларидан бирилиги, унга қараб Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ ҳолат яхшиланганини бемалол сезиш мумкинлигини айтди.

“ЎзА фақат ҳукуматнинг халққа айтмоқчи бўлган гапини етказиш билан шуғулланса, нотўғри йўлдан кетаётган бўлади. Агентлик халқ нима айтмоқчи бўлаётганини ҳам ҳукуматга етказадиган оралиқ кўприкка айлана олиши керак. ЎзАни кузатаётганлар яхши билишади, охирги бир йилда танқидий-таҳлилий материаллар анча кўпайган. Бу ёлғон эмас. Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг бош расмий агентлиги сўз эркинлиги индикаторларидан бири. Яъни ЎзАга қараб, [вазиятни] бемалол сезиб олса бўлади. Агарда танқид ва очиқлик кўпайган бўлса, демак, Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ ҳолат яхшиланибди, деган умумий бир фикр ҳам пайдо бўлади. Бизнинг мақсадимиз ҳам шу”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев тадбирда сўз ва матбуот эркинлиги масаласига тўхталиб, жамиятга сўз ва матбуот эркинлиги жорий этилмаганида, пандемия шароитида аҳвол анча мураккаб бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.

Шунингдек, учрашувда сўзга чиққан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Мак-Грегор халқаро мажбуриятлар масаласига алоҳида тўхталди.

Суҳбатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов давлат миллий хавфсизликни таъминлаш жараёнида инсон ҳуқуқларини поймол қилмаслиги, демократик эркинликлар эса барча учун баробар бўлган қонунларни бузиш учун қўлланилмаслиги лозим эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асад Хўжаев Халқаро пресс-клубнинг “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунчилигида сўз ҳамда матбуот эркинлиги ва Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари” мавзусида ўтган давра суҳбатида нохолис ахборотлар тарқалишига ОАВ вакиллари ва блогерлар эмас, давлат органлари айбдор эканини айтиб ўтди


Мақола муаллифи

Теглар

Хушнудбек Худойбердиев

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар