Ҳал қилувчи ҳужум: “Толибон” бўйсунмас Панжшерга сўнгги зарбани беришга тайёрланмоқда

Олам

image

“Толибон” ҳаракати бугун, 2 сентябрь куни тунда ёки эртага Панжшер вилоятига якуний зарба беришга тайёрланяпти. Бу ҳақда РИА Новости Афғонистоннинг “Tolo News” телеканалига таяниб, хабар бермоқда.

Таъкидланишича, толиблар бутун Афғонистондаги энг сара жангарилари ва йирик миқдорда ҳарбий техникалар билан ҳужумга ўтишни режалаштирмоқда. Шу тариқа ҳаракат Панжшердаги қаршилик ҳаракатини узил кесил тор-мор этмоқчи.

Аввалроқ, “Толибон” ҳаракати қаршилик кучлари етакчилари билан олиб борган музокаралар самарасиз якунлангач, Панжшер вилоятига кенг кўламли ҳужум бошлагани ҳақида хабар берилганди. Толиблар ҳужум натижасида бир неча ўринда мудофаа чизиғини ёриб ўтганини маълум қилган бўлса, қаршилик кучлари бу иддаоларни рад этди. Шу ўринда баъзи манбаларда ўнлаб, бошқаларида эса 300 дан ортиқ толиблар йўқ қилингани айтилди.

Афғонистон Ислом Республикасининг қулаши

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Қайд этиш керакки, ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон

Баҳолаганлар

350

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг