Украинадаги “махсус операция”га улкан маблағ керак – Россия Молия вазири

Олам

image

Россиянинг Украинадаги “махсус ҳарбий операцияси” улкан маблағ талаб қилмоқда. Бу ҳақда РФ Молия вазири Антон Силуанов Молия университетит сўзлаган нутқи давомида айтиб ўтган.

“Пенсия учун катта маблағлар – бу йил 600 миллиард, келаси йили бир триллион ва ундан кейин ҳам худди шундай ҳажмлар [йўналтирилади]. “Махсус операция”ни ўтказиш учун пул, катта ресурслар ҳам керак. Иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун фуқаролар ҳам пулга муҳтож”, дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган “Интерфакс”.

Силуановнинг сўзларига кўра, “бюджетни рағбатлантириш”нинг умумий миқдори – иқтисодиёт ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун сарфланган маблағлар аллақачон саккиз триллион рублга етган.

“The Moscow Times” газетаси Россия Федерацияси Молия вазирлиги маълумотларига таяниб хабар беришича, 2022 йил февраль ойида федерал бюджетда миллий мудофаа учун 369 миллиард рубль, март ойида – 450 миллиард рубль, апрелда – 628 миллиард рубль ажратилган.

24 май куни Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Россия Украинада “махсус операция”ни якунлашга шошмаётганини айтди. Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари Сергей Шойгу, ўз навбатида, Россия армияси “тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмаслиги учун ҳужум тезлигини атайлаб секинлаштираётганини” айтди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг