Путин Россия “тажовуз” остида қолганини айтди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин мамлакатга дўст бўлмаган давлатлар босимини амалда қилинаётган “тажовуз” деб атади. Бу ҳақда Путин Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги нутқида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда ТАСС.

Унинг сўзларига кўра, интеграция йўналишининг афзалликлари, айниқса, Россияга дўст бўлмаган айрим давлатларнинг виртуал тажовузкорлиги шароитида яққол кўзга ташланган.

“Аммо Ғарб қарама-қаршилигига қарамай, Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қизиқиш ҳамон ортиб бормоқда”, дея қўшимча қилган Путин.

Россия раҳбари ҳозирги шароитда ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, Вазирлар Маҳкамаси бозорлар ва молия секторининг барқарор, ишончли фаолият юритиши учун ўз вақтида қарорлар қабул қилмоқда, асосий тармоқлар ва таянч корхоналарни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда, тадбиркорлик фаолиятини юритиш тартиби анча соддалаштирилди, маъмурий тадбиркорлик эркинлигини максимал даражада ошириш мақсадида юк сезиларли даражада камайди.

“Шунингдек, биз айланма маблағларни тўлдириш ва банк ликвидлигини сақлаш учун молиялаштириш имкониятларини ошириш устида ишлаяпмиз. Шу мақсадда ишончли ҳамкорлар эканлигини амалда исботлаган давлатлар билан савдода миллий валютада ҳисоб-китоблар амалиётини кенгайтирмоқдамиз”, дейди Путин.

Унинг эслатишича, ЕОИИ мамлакатларининг ўзаро ҳисоб-китобларида миллий валютадаги тўловлар улуши аллақачон 75 фоизга етган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг