XXI аср инсоният учун сўнггиси бўлиши мумкин

Таҳлил

image

Тупроқ ва ундаги бой ресурслар барча тирик организм, хусусан инсонлар учун ҳаёт манбаи бўлиб хизмат қилади. 2002 йилдан бошлаб Халқаро тупроқшунослик иттифоқи томонидан сайёрамиз тупроқ ресурсларининг аҳамиятини оширишга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. 

Халқаро тупроқшунослик иттифоқининг қарори Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан қўллаб-қувватлангач, 2013 йил БМТ Бош Ассамблеяси 5 декабрни Бутунжаҳон тупроқ куни деб эълон қилди.

Тупроқлар экотизимнинг асосий тузилмаларидан бири бўлиб, одамлар ҳамда флора ва фауна олами учун яшаш майдонини таъминлайди, биологик хилма-хилликни сақлайди, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг асосий таркибий қисми, ноқулай иқлим омиллари шароитида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш шартларидан бири ҳисобланади. 

Тупроқ унумдорлиги унда яшайдиган чувалчанглар, турли қурт-қумурсқалар, ер қазийдиган ҳайвонлар, тупроққа тушган органик модда ва чириндилар билан боғлиқ. Микроорганизмлар фаолияти ва сувнинг эритувчанлик хусусияти таъсирида кимёвий моддалар (азот, фосфор, темир, калий, калций ва бошқалар) ўсимлик илдизлари сўриб оладиган эритмалар ҳосил қилади. Шундай қилиб, тупроқ ҳосил бўлиш жараёни тўхтовсиз давом этади. 

Тупроқни шунчаки, одамнинг оёқлари остидаги мустаҳкам пойдевор сифатида кўриб бўлмайди. Ернинг унумдорлиги ҳаётимизда асосий омиллардан бири. Шу нуқтаи назардан, экологлар ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти вакиллари дунёдаги тупроқ ресурсларининг тахминан учдан бир қисми таназзулга учраганидан, баъзилари эса чўлга айланаётганидан хавотирда. Ҳисоб-китобларга кўра, ер юзида арид (қурғоқчилик) юқори бўлган ҳудудларнинг умумий майдони 48810 минг км2ни, ёки қуруқликнинг 33,6 фоизини ташкил этади. Шундан ўта қурғоқчил (экстраарид) зонасига 4 фоизи, арид зонасига 15 фози ва чала арид зонасига 14,6 фоизи тўғри келади. Доимий қурғоқчилик табиийки, чўлланишга олиб келади. 

Қуруқ ерлар дунёдаги экин майдонларининг 43 фоиздан юқорисини ташкил этади. Ерларнинг таназзулга учраши оқибатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йўқотиш йилига тахминан 42 миллиард AҚШ долларига тенг. Сўнгги 40 йил ичида дунёдаги барча экин майдонларининг учдан бир қисми тупроқ эрозияси туфайли ҳосилдорликни йўқотиш сабабли ташлаб кетилган. Ҳар йили яна 20 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерлари шу қадар таназзулга учраганки, улар энди қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ишлатилмаяпти ёки урбанизация суръатлари туфайли шаҳарларга сингиб кетган.

Қурғоқчилик ва унумдор ерларнинг камайиши БМТни ҳам ташвишга солаётган муаммолардан бири. 

2020 йилнинг октябрь ойи бошида TED Countdown халқаро иқлим ташаббуси остида ўтказилган форумда нутқ сўзлаган Антониу Гутерриш глобал иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик масалаларига алоҳида этибор қаратиш зарурлиги ҳақида гапирганди.

“Aгар биз ҳозир ҳаракат қилмасак, бу аср инсоният учун сўнгги аср бўлиши мумкин. Глобал иқлим ўзгариши мисли кўрилмаган ўрмон ёнғинлари, кучли ва тез-тез учрайдиган циклонлар, тошқинлар, қурғоқчилик ва бошқа экстремал об-ҳаво ҳодисаларини келтириб чиқармоқда”, деган БМТ раҳбари.

Африканинг қурғоқчилик ва чўлланиш юқори бўлган ҳудудларидан тахминан 60 миллион нафар аҳоли бошпана, озиқ-овқат ва иш излаб Европа ҳамда Шимолий Африка мамлакатларига кўчиб ўтган.

Қурғоқчиликка мойил минтақалар ер массасининг 40 фоизидан ортиғини эгаллайди. Ушбу ҳудудда икки миллиарддан ортиқ одам яшайди. Бу одамларнинг деярли барчаси ривожланаётган мамлакатларнинг аҳолиси.

Бироқ, ривожланган давлатлар – Германия, AҚШ, Италия, Испания, Португалия ҳам қурғоқчилик ва чўлланишдан азият чекаётган давлатлар сирасига киради. 

Эрозия натижасида ўлик тупроқларни тиклаш учун жуда кўп вақт керак. Кўпгина ҳудудларда чангли бўронлар тобора жиддий муаммога айланиб бормоқда. Бу эпимарказда ҳам, ундан анча узоқликда ҳам инсон саломатлиги ва экотизим ҳолатига таъсир қилади.

Гоби чўлидан келиб чиққан шиддатли бўронлар Хитой, Корея ва Япониянинг кенг ҳудудларига таъсир қилади ва қуруқ мавсумда кўп одамларда иситма, йўтал ва кўзнинг қизариши учраб туради. Чўлдан эсган шамол чанглари, ҳатто, Шимолий Aмерикада ҳам нафас олиш муаммоларини келтириб чиқаради ва Кариб денгизидаги маржон рифларини емиради. 

Ҳар хил даражада чўлланиш сунъий суғориладиган ерларнинг 30 фоизида, табиий ёғингарчилик билан намланган қишлоқ хўжалиги ерларининг 47 фоизида ва яйловларнинг 73 фоизида содир бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили 1,5 миллиондан 2,5 миллион гектаргача суғориладиган ерлар, 3,5 миллиондан 4 миллион гектаргача табиий ёғингарчилик билан намланган қишлоқ хўжалиги ерлари ва тахминан 35 миллион гектарга яқин яйловлар тўлиқ ёки қисман йўқолади. БМТ чўлланишнинг бу қадар тез ривожланиши оқибатида 2025 йилга бориб, дунё аҳолисининг ҳар бешинчи одам чўллашган ҳудудда яшашга мажбурлиги ҳақида гапирган.

Чўлланиш нима?

Чўлланиш атроф-муҳитдаги экотизимларда унумдор ерларнинг улуши камайиши. Экологик ўзгаришларни юзага келтиришда табиий омиллар билан бирга, антропоген омилларнинг ўрни ҳам муҳим саналади. Критик об-ҳаво шароити, айниқса, қурғоқчилик ва одамларнинг ерларни ифлослантирадиган ва йўқ қиладиган ҳаракатлари (шу жумладан, ортиқча ишлов бериш, ўтлоқ ва ўрмонларни йўқ қилиш) экин майдонларини чўлга айлантирмоқда. Экотизимларнинг ўзгариши ва чўлларнинг кенгайиши билан озиқ-овқат ишлаб чиқариш камаяди, сув манбалари қурийди ва аҳолининг айрим гуруҳлари янада қулай шароитга эга бўлган жойларга кўчиб ўтишга мажбур бўлмоқдалар.

Чўлланиш қандай оқибатларга олиб келади:

•  озиқ-овқат маҳсулотларининг камайиши, тупроқ унумдорлигининг пасайиши ва ернинг табиий чидамлилигини йўқолиши;

•  дарёларнинг қуйи оқимларида тошқинларнинг кўпайиши, сув сифатининг ёмонлашиши, дарёлар ва кўлларда чўкинди жинслар, сув омборлари ва ҳаракатланувчи каналларнинг лойқаланиши;

•  шамол, чанг, шу жумладан кўз, нафас олиш ва аллергик касалликлар ва психологик стресс туфайли инсон соғлиғининг ёмонлашиши;

•  таъсирланган аҳолининг одатдаги турмуш тарзини бузиш, бошқа ҳудудларга кўчиб ўтишга мажбур қилиш.

•  аҳоли миграцияси туфайли юқумли касалликларнинг тарқалиши.

Бундай ноқулай шароитларда яшовчи камбағал одамлар, айниқса, аёллар, сиёсий ҳаётда камдан-кам иштирок этадилар. Улар соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва таълим каби бирламчи эҳтиёжлардан фойдалана олмайдилар.  

Чўлланиш муаммоси минтақамизда

Сайёрамизда глобал миқёсда содир бўлаётган чўлланиш жараёнлари ёғингарчилик кам кузатиладиган Ўрта Осиё минтақасида ҳам кенг ўрин олган. Aйниқса, Қизилқум ва Қорақум чўллари билан туташ бўлган Орол денгизи ҳавзаси экологик офат зонаси деб эълон қилинган. 

Чўлланиш жараёнлари 210 млн гектар майдонни эгаллаб ётган Ўрта Осиёнинг арид (қурғоқчил) ҳудудлари учун ҳам боғлиқ. Турон табиий географик ўлкасида, хусусан Қизилқум чўлида чўлланиш ҳодисаларининг географик тарқалиши бошқа арид ўлкаларга нисбатан ўзига хосликка эга.

Ўрта Осиё минтақаси, хусусан Ўзбекистон ҳудудида ҳам чўлланиш билан боғлиқ вазият йил сайин жиддийлашиб бормоқда. Бунга асосий сабаб:

•  дарахтзорларнинг майдони йилдан йилга камайиши;

•  Орол денгизи ҳудудида чўлланиш суръати ошиб, денгиз суви ўрнида қум, туз пайдо бўлиши;

•  меъёрдан кўп сувдан фойдаланиш натижасида ернинг сувли эрозияси кўпайиши. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ҳукуматлараро қўмитаси томонидан чўлланишга қарши курашиш ва қурғоқчиликни юмшатиш бўйича 1994 йил 17 июнь Париж Конвенцияси қабул қилинган эди. Ўзбекистон Республикаси ҳам чўлланиш ва қурғоқчилик оқибатларига қарши курашишнинг муҳимлигини эътиборга олиб, 1995 йилда ушбу Конвенцияга қўшилди.

Ўзбекистон Республикасининг 70 фоиздан кўпроқ ҳудуди чўл ва чала чўлдан иборатлигини инобатга олсак, суғориладиган ерларда шўрланиш, ботқоқланиш, шамол ва сув эрозияси, яйловларда ер ости сувлари сатҳининг кўтарилиши, айниқса, Қизилқум чўлидаги Қорахотин, Оёқоғитма, Муллали, Мингбулоқ ботиқларида чўлланишнинг оқибатларини яққол кўришимиз мумкин.  Орол денгизи сув сатҳининг қуриши туфайли Ўзбекистонда яна қўшимча 3 млн гектардан ортиқ майдонда Оролқум пайдо бўлди.  Натижада,  ушбу ҳудудда экологик муҳит ёмонлашиб,  чўлланиш жараёнлари янада кучайди ва кўплаб ижтимоий муаммоларни юзага келтирди.

Охир-оқибат қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг маҳсулдорлиги йил сайин камайиб, озиқ-овқат, ем-хашак ва саноат хом-ашёларини етарли миқдорда етиштириб бериш секинлашмоқда ва етиштирилган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари ҳам пасайиб бормоқда. Вужудга келган экологик вазиятнинг ёмонлашиши натижасида чўллашган ерлардан аҳолининг шаҳарга кўчиши кўпаймоқда. Бунга мисол тариқасида Мўйноқ тумани аҳолисининг ўтган асримизнинг 70-80 йилларида икки баравар камайиши (45 минг кишидан 22 минг кишига) яққол мисол бўлади.

Табиатни асл ҳолида қолдириш унга ёрдам бериш билан баробар. Яшил ҳудудларнинг қисқариши, сув захираларининг камайиши, иқлимнинг кескин исиб кетиши, тупроқ унумдорлигининг йўқолиши табиатнинг биз инсонларга берган “инъоми”. Зеро, бунга ўзимиз айбдормиз.


Мақола муаллифи

Теглар

чўлланиш тупроқ

Баҳолаганлар

920

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг