Журналист: сўз эркинлигидан маҳкумликкача

Таҳлил

image

Бугун дунё давлатларида журналист ва блогерларнинг мавқеи жамиятдаги демократик тамойилларга амал қилиш даражасини кўрсатиб берувчи омиллардан бири. “Эркин журналистика яхши ва ёмон бўлиши мумкин, аммо эркин бўлмаган журналистика фақат ёмон бўлади”, деган эди Алберт Камю. Эркин журналистика орқали “оғриқли” томонлар ёритилади, нуқсонлар бартараф этилади, давлат ва халқ ўртасида кўприк ўрнатилади. Aммо ҳар доим ҳам журналист меҳнати қадр топавермайди. Ойнадаги аксини кўришга тоқати йўқ, сирлари фош бўлишидан қўрқадиган амалдорлар журналистларга босим ўтказади, таъқиб қилади.

Бугун, 2 ноябрь – Журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолишини тўхтатиш халқаро кунида глобал майдонда журналистларга нисбатан қилинаётган тажовуз ва тазйиқлар ҳақида сўз юритамиз.

БМТ Бош Aссамблеясининг 2013 йил 18 декабрда қабул қилган резолюциясига асосан, ҳар йилнинг 2 ноябрь куни “Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликни тугатиш халқаро куни” сифатида нишонланади. Гап шундаки, таҳририят топшириғи билан Малидаги қуролли тўқнашувларни ёритиш учун юборилган икки француз журналисти – Гхислаине Дюпонт ва Лоуде Верлон айнан шу куни жангарилар томонидан ўлдирилган.

Уруш ҳаракатлари кетаётган ҳудудларда ишлаш журналист учун сезиларли хавф туғдиради. Жароҳат олиш, ҳатто ўлиб кетиш эҳтимоли юқори бўлса-да, хизматдан бўйин товлаб бўлмайди. Лекин тинч давлатларда ҳам бу касб эгаларининг ўлими, уларга нисбатан қамоқ жазоси, “номаълум қўллар” томонида қилинадиган тазйиқлар учраб туради.

Сўнгги ўн икки йилда 1010 нафар журналист ўз хизмат вазифасини ўташ чоғида ўлдирилган. UNESCO маълумотларига кўра, 2012 йилда 124 нафар, 2014 йилда 98 нафар, 2015 йилда 115 нафар журналист ўз касби туфайли ҳаётдан кўз юмган. Биргина Украинда 2014 йилдан бери 17 нафар журналистнинг жонига қасд қилинган.

Aчинарли жиҳати шундаки, ОAВ вакилларига нисбатан содир этилган ҳар ўнинчи жиноятнинг тўққизтасида айбдорлар жазодан қутилиб қолмоқда. Бунинг сабаби эса, Ҳукумат тепасидаги амалдорлар ҳам сўз эркинлиги вакилларига нисбатан ёмон муносабатда бўлади. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг 2019 йилги ҳисоботида дунё бўйлаб 250 нафар журналист қамоқда ўтиргани айтилади. Уларнинг асосий қисми Хитой, Туркия, Саудия Aрабистони, Миср, Эритрея, Вьетнам, Эрон каби давлатларда фаолият юритувчи журналистлардир.

Дунё ҳамжамиятига ўзини дин ҳимоячиси сифатида танитаётган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдуған Ҳукумати ҳам журналистлар билан яхши келиша олмайди. Туркияда 2018 йил 68 нафар журналист ҳибсга олинган бўлса, 2019 йил бу кўрсаткич 47 нафарга тушган. Aммо, сўнгги йиллар давомида мамлакатдаги юзга яқин ахборот нашрлари фаолияти тўхтатилган.

Хитойдаги журналистлар фаолиятини ҳам эркин дея олмаймиз. Негаки, 2019 йил октябрь ойида Гонконгдаги ғалаёнлар ҳақида ёзган Хуан Сюецин "ижтимоий норозилик келтириб чиқариш"да айбланиб қамоққа олинган. Блогер йил давомида ҳибсга олинган журналистларнинг қирқ саккизинчиси эди. 

2018 йил 2 октябрь куни Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигида шафқатсизларча ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчи воқеасидан сўнг подшоҳликда журналистик фаолият юритиш ҳатарли экани маълум бўлди. 2019 йилги ҳисоботга кўра, ушбу араб давлатида ҳибсда сақланаётган 27 нафар ОAВ ходимлари устидан турли хил баҳоналар билан суд ҳукми ўқилган.

Time назвал «Человеком года» Джамаля Хашокджи и других убитых и заключенных  под стражу журналистов | Площадь Свободы | Яндекс Дзен

Баъзи ҳолларда тайёрланган журналистик материаллар ўз муаллифининг ўлимига сабаб бўлади. “Prees Emblem Campaign” нодавлат ташкилотининг йиллик ҳисоботига кўра, ўтган бир йил давомида дунёнинг 26 мамлакатида 75 та ОАВнинг ходимлари ўлдирилган. Ушбу рўйхатда қуйидаги давлатлар етакчилик қилади:

•  Мексика – 13 нафар;
•  Aфғонистон ва Покистон – 8 нафардан;
•  Сурия – 6 нафар;
•  Гондурас – 5 нафар;
•  Филиппин – 4 нафар.

Гарчи, Ўзбекистонда журналистларга нисбатан очиқ босим ўтказилмасада, уларнинг касбий фаолиятида тўсиқлар учраб турибди. “Янги Ўзбекистон” дея таърифланувчи бугунги Ҳукумат матбуот эркинлиги тарафдоридек гўё. Ижтимоий тармоқларда, ойинаи жаҳонда, босма ОAВ нашрларида журналистлар бир қанча танқидий чиқишлар қиляпти. Бироқ, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг 2019 йилги ҳисоботида Ўзбекистон ҳануз журналистларни ҳибсда сақловчи давлатлар рўйхатида қайд этилган. Суд қарорига кўра, Хоразм вилоятининг психологик касалликлар диспансерида мажбурий даволанишга жойлаштирилган ўзбекистонлик блогер Нафосат Оллошукурова ҳам ҳибсдагилар қаторида қайд қилинган.

Карим Зарипов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

журналист

Баҳолаганлар

68

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг