Ўзбекистондан ўғирланган ХIII–ХIV асрга оид кошинлар ортга қайтарилади

Жамият

image

Самарқанддаги мақбарадан ўғирланган, XIII–XIV асрларга оид кошинлар партияси Ўзбекистонга қайтарилади. Дунёга машҳур Британия музейи  ушбу ноёб кошинларнинг репатриация қилинишида кўмаклашишини маълум қилди. "The Guardian" нашрининг хабар беришича, тарихий буюмлар 2020 йилнинг январида Лондон аэропортида контрабанда маҳсулоти сифатида олиб қўйилган.

Қайд этилишича, ноёб маданий бойликлар Ўзбекистонга келишидан олдин Лондонда намойиш қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳам бу маълумотларни тасдиқлади. Қўшимча ҳужжатларда улар Шаржада 315 дирҳамга сотиб олинганлиги ва сотиш учун мўлжалланганлиги билдирилган. Кошинлар Буюк Британия чегара хизмати вакиллари томонидан қўлга олиниб, уларнинг ҳақиқий ёши, келиб чиққан мамлакатига аниқлик киритиш мақсадида Британия музейига мурожаат қилинган.

Карантин ҳолатига қарамай, Британия музейида дунёнинг етти мамлакати олимлари билан маслаҳатлашув кенгаши ташкил қилинган. Унда профессор Жеймс Аллан (Оксфорд университети), доктор Анвар Атахўжаев (Самарқанд), доктор Бахтиёр Бобожанов (Тошкент), профессор Шейлу Блэр (Бостон коллежи), профессор Роберт Хилленбранд (Эдинбург университети), Жолион Лесли ва доктор Ричард Макклари (Йорк университети). ), профессор Чарльз Мелвилл (Кембриж университети), доктор Жаброил Ноканде (Миллий музей, Эрон), доктор Бернард О’Кейн (Қоҳира), доктор Андрей Омельченко (Россия Давлат Эрмитажи), доктор Баҳар Ўздемир (Анқарадаги Ҳожи Байрам Вели университети)лар иштирок этди.

1

Ўзаро кенгашдан сўнг кошинлар ХIII аср охири – ХIV аср ўрталарига оидлиги ҳамда Самарқанддаги Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуасига тегишли эканлиги аниқланган. Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуасида бир неча бор хусусан 1996, 2000 ва 2004 йилларда археологик қазиш ва тиклаш ишлари амалга оширилган.

2004 йилдаги ишлар давомида илгари мажмуада мавжуд бўлган бинолардан ҳам, сақланиб қолган ёдгорлик иншоотларидан ҳам меъморий безакларнинг кўп сонли қисмлари топилган. Топилган парчалар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институтига, Самарқанд шаҳар тарихий-маданий ва меъморий музей-қўриқхонасига, Самарқанд шаҳри тарихи музейи жамғармаларига ўтказилган.

Ушбу ишлар давомида илгари мажмуада мавжуд бўлган бинолардан ҳам, сақланиб қолган ёдгорлик иншоотларидан ҳам меъморий безакларнинг кўп сонли қисмлари топилган. Топилган парчалар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институтига, Самарқанд шаҳар тарихий-маданий ва меъморий музей-қўриқхонасига, Самарқанд шаҳридаги тарих музейи жамғармаларига ўтказилган.

Ушбу далиллар келтирилгач, кошинларни импорт қилувчи эгалик ҳуқуқини талаб қилмади. Кошинлар мусодара қилинди ва кейинчалик Ўзбекистонга репатриация қилиш учун Британия музейига топширилган.

Маданият вазирлиги расмий мурожаат олгандан сўнг, Маданий мерос бўлимидаги ўзбекистонлик олимлар билан биргаликда ушбу кошинларнинг келиб чиқишини аниқ жойларда ўрганишни бошлаган. Кошинларнинг маълум бир ёдгорликка тегишлилигини аниқлаш учун Самарқандга борадиган ишчи гуруҳ ташкил этилган. Тадқиқотлар давомида кошинлар Хўжа Аҳмад мақбараси (XIV асрнинг иккинчи ярми), номаълум мақбара (1360/61) меъморий безакларига услубий яқинлиги аниқланган, аммо меъморий ёдгорликлардан безак парчаларининг кошинлар билан тўлиқ мос келиши ҳозирча аниқланмаган. Айни пайтда кошинларнинг маълум бир меъморий ёдгорликка тегишли эканлигини аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Британия музейи ходимларига, шахсан музей директори, доктор Хартвиг Фишерга, Британия музейининг Яқин Шарқ бўлими катта куратори ва археологи доктор Жон Симпсон ва бошқа олимларга амалга оширилган иш учун самимий миннатдорлик билдиради. Биз Британия музейи ва Буюк Британиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан артефакт мерос объектларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича ўзаро ҳамкорлигимизни янада кучайтирамиз”, дейилади вазирлик хабарида.

Таъкидланишича, Маданият вазирлиги ушбу кошинларни 2020 йил декабрь ойида Британия музейида намойиш этишга рози бўлган. Яқинда Британия музейи ҳам Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Ўзбекистондан ўғирланган ёки сотилган экспонатларни аниқлаш ҳамда улар юзасидан маслаҳат бериш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолаган.


Мақола муаллифи

Теглар

меъморий ёдгорлик Шохи-Зинда

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар