“Уларни қулликка эмас, ўзини ҳурмат қилишга ўргатамиз”. Турдимов оқсочлар тайёрлаш масаласида фикридан қайтмаганини айтди

Жамият

Трендда оқсочлар масаласи. Одамлар тан олишни истаса ҳам, истамаса ҳам ўзбек аёллари мардикорчиликка чиқа бошлаганига анча бўлган. Балки бугун тан олмасмиз, яширармиз, кўрмагандек ўтармиз. Аммо уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқи поймол бўлишининг олдини олиш, ишчи синфининг бу қатлами фаолиятини ҳам қонуний ташкил этиш асосларини яратиш давлатнинг гарданида. 

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов кўплаб аёллар кундалик ва ойлик уй хизматларини бажариш учун ёлланаётгани, ҳатто, хорижга кетиб, уй хизматчиси бўлиб ишлаётгани, бироқ уларнинг ҳуқуқлари таъминланмагани, кўплари эса бу касбнинг нозик жиҳатларидан бехабар бўлиб, натижада алданиб қолаётгани боис оқсочликка ўқитиш марказини ташкил этиш таклифини билдирган эди. Бироқ, ҳоким Турдимовнинг айтганлари ижтимоий тармоқлар ва айрим оммавий ахборот воситаларида нотўғри талқин қилинди. Масала оқсочлар тайёрлаш марказига эҳтиёж туғдираётган омилларсиз ёритилди. Бугун, 13 октябрь куни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда ҳоким яна ўша шов-шувларга сабаб бўлган масалага тўхталди ва ҳамон ўз фикрида собитлигини қайд этди. 

"Одамлар билан мулоқот қилаётганда, халқимиз қандай яшаётганини кўряпмиз, биляпмиз. Бугун жамият жадаллик билан ривожланяпти. Хоҳлайсизми ё йўқ, бой ва камбағаллар табақалашуви юзага келади", деб гап бошлади Турдимов. 

Унинг таъкидлашича, айни вақтда мамлакатда оқсочларга талаб ортиб бормоқда. Қолаверса, минглаб ўзбекистонлик аёллар хорижда энага, оқсоч бўлиб ишламоқда. Бироқ, уларнинг ҳуқуқлари кафолатланмаган. Ҳатто, ўзи ишлаб топган пулини ололмаётганлар ҳам талайгина. 

"Кўпчилик ишлаб пул топганидан сўнг, оиласи болаларига вақт ажратолмайди. Уйда иш қилиш, фарзандларига қараш учун эса яхши инсонларни қидиради. Ҳозирги кунда бундай одамларни топиш ҳам муаммо бўлиб қолди. Эътибор берсак, бу соҳага катта эҳтиёж туғилди ва ноқонуний бозор пайдо бўла бошлади. Бизни таклифимиз, ноқонуний бозорга қонуний тус бериш, энг асосийcи, иш берувчи ва ишловчининг ҳуқуқларини қонунан ҳимоя қилиш эди. Ижтимоий тармоқларда “оқсоч”деган сўз кўпчиликка ёқмади. Лекин мен табиий ўзбекона сўзни ишлатдим. Агар замонавий қилиб уй хизматкори, энага деганимда, балки бунчалар гап-сўз бўлмасди. 

Биз бу курсларни очмайдиган бўлсак, ҳозир ишлаётган одамларимиз жуда кўп қийинчиликка дучор бўлади. Бу эса катта муаммоларни олиб келади.

Биринчидан, иш берувчи унинг уйида ишлаётганлар худди ўзидек ҳалол, покиза, яхши инсон бўлишини истайди. Агар яхши ишласа қўшимча ҳақ ҳам тўлайди. Чунки иш бераётган хонадан эгаси, ўзининг энг катта бойлиги - фарзандини, унинг тарбиясини, хонадонида ишлаётган уй хизматкорига топширади.

Иккинчидан, ўз соғлигини ҳам топширади. У пиширган таомни ҳамма, иш берувчининг болалари ҳам истеъмол қилади.

Учинчидан, туриш-турмуши, атроф-муҳити, маданиятини келаётган хизматкор шакллантиради, десак тўғри бўлади. Агар юқорида айтганларимиз яхши бажарилмаса, бу кайфиятимизга ҳам таъсир қилади", дейди Турдимов.

Ҳоким оқсоч сўзи бадиий адабиётда ҳам учраши, бой-бадавлат одамларнинг уйига хизматкорлар ишлагани ва бу айб бўлмаганини қўшимча қиларкан, Ҳадисда ҳам уйга оила бўлган - аёл ва эркак хизматчиларни ишга олишга рухсат берилганини эслатди. 

Турдимов сўзида давом этиб, "юқоридагилар бўйича билимга эга бўлганларга кўпроқ талаб бўладими ёки ўқимагангами?", дея брифинг иштирокчиларига юзланди. 

"Албатта ўқиган тайёрланган ва чаққон бўлса, уларга талаб ортади. Агар Самарқанд шаҳри мисолида олсак, бу инсонларни қаердан топиш мумкин? Ҳеч қаердан топиб бўлмайди. Бу соҳада ишлайдиган маълум инсонлар бор, фақат улар шу каби уй ишларини қилади. Лекин бир кун келиб улар орасидан ўғри аниқланса, балки нопок бўлса, жиноят ишлари бўлиб, жанжаллар юзага келади. Айнан шу каби ҳолатлар бўйича ҳам судда кўп ишлар кўриляпти.

Иш қидирувчига келсак, улар қаерга боришни билмайди. Ҳамма ҳам ОТМга киролмайди. Ҳаммани ҳам иш билан таъминлаш мумкин эмас. Бу соҳани ҳам кимдир эгаллаши шарт, мажбурмиз. Бу соҳани нотўғри талқин қилмаслик керак. Мени эшитаётганлар мардикор бозорга бориб кўрсин. У ерда ишлайдиганларни уйига бориб, уй эгалари билан гаплашсин. Уларнинг яшаш шароитини ўрганиш учун уйида бир кун яшасин. Бу каби ҳолатлар бугуннинг асорати эмас, узоқ ўтмишнинг асорати. 

Ижтимоий тадбиркорлик йўлга қўйилса, мобил иловалар қилиниб, ҳамма шароитлар қилинса, ҳаммаси қонунийлаштирилиб ишланса, яхши бўлмайдими?

Нафақат бизда, балки чет элга кетганларнинг нима иш билан шуғулланаётгани ҳақида ҳеч кимда ҳисоб-китоб йўқ. Масалан Самарқанд ҳокими сифатида менда ҳисоб-китоблар йўқ. Қурилишга ёки бошқа ишга расмий тартибда ишга кетганлар ҳақида маълумотлар бор, лекин норасмий кетганлари, яшириниб кетганларининг ҳисоб-китоби йўқ. Чунки бу йўналишнинг ўзи йўқ. Агар йўналиш йўлга қўйилса, ҳамма иш назоратда бўлади. Уларнинг ҳуқуқлари поймол бўлмайди. Ўқув курслари орқали, қулликка эмас, уларни ўзини ҳурмат қилишга ўргатамиз.  Бораётган жойида тили бурро бўлади. Қаерга мурожаат қилишни, кимга дардини айтишни билади. Лекин биз ҳеч нарсани билмасада жўнатиб юрибмиз. Улар ўз ҳуқуқларини билмайди, тил билмайди. Аслида эса бундай соҳага ўқитиш ҳамма давлатларда бор", дейди Самарқанд вилояти ҳокими. 

Айни вақтда QALAMPIR.UZ Самарқандда бўлиб турибди. Тез орада вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан долзарб мавзулардаги видеоинтервьюни тақдим этамиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Эркинжон Турдимов оқсоч

Баҳолаганлар

99

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг