Ўзбекистон афғонлараро музокаралар бошланганини олқишлайди – ТИВ

Жамият

image
АҚШ Афғонистондан чиқса, унинг ўрнини ким тўлдиради? north_east

АҚШ Афғонистондан чиқса, унинг ўрнини ким тўлдиради?

Маълумки, жорий йилнинг 12 сентябрь кунидан Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокаралар бошланиши белгиланганди.

Бугун, 12 сентябрь куни Доҳа шаҳрида афғонлараро инклюзив музокаралар бошланди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги музокаралар бошланганига муносабат билдириб, уни олқишлашини маълум қилди.

“Ўзбекистон Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Aфғонистон Ҳукумати ва “Толибон” Ҳаракати ўртасида инклюзив музокаралар бошланганини олқишлайди.

Умид қиламизки, афғонлараро мулоқот ўт очишни барқарор тўхтатишга олиб келади ва натижада мамлакатда мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчликни ўрнатиш учун зарур шарт-шароитларни яратади”, дейилади вазирлик муносабатида.

Қайд этилишича, Ўзбекистон “сиёсий жараёнлар фақат афғонлар томонидан ва Aфғонистон халқи раҳбарлигида олиб борилиши лозим”, деган асосий тамойилга содиқ қолади.

“Ўзбекистон Республикаси томонларнинг миллий ярашувга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ва интилишларини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлайди ҳамда дўст Aфғонистон халқига барқарор ва фаровон давлат барпо этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда давом этади”, дейилади ТИВ баёнотида.

Аввалроқ, Ўзбекистон афғонлараро музокараларнинг бир раундини Самарқандда ўтказишга тайёр эканини билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 февраль куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида Америка Қўшма Штатлари ва "Толибон" ҳаракати ўртасида тинчлик сулҳи имзоланди.

Имзоланган тинчлик шартномасига кўра, АҚШ Афғонистонда қўшинлар сонини 135 кун ичида 12 мингдан 8,6 минг кишигача камайтириш мажбуриятини олди. Агар “Толибон” мамлакатда ҳудкушликларни мутлақо тўхтатса, америкаликлар ўз ҳарбийлари ва НАТО кучларини 14 ой давомида олиб чиқишда давом этади. Ушбу ҳаракатлар эвазига толиблар АҚШ ва бошқа давлатларга ҳужум қилиш учун Афғонистон ҳудудидан фойдаланишни тўхтатиши керак.

Келишувга кўра, афғонлараро маслаҳатлашувлар 10 мартда бошланиши керак эди. Ишончни мустаҳкамлаш чоралари доирасида афғонлараро музокаралар бошлангунга қадар 5000 га яқин толиблар ва радикаллар томонидан ушлаб турилган 1000 га яқин одам озод қилиниши шарт эди. Ҳукумат 5 минг толибни озод қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон Ўзбекистон-Афғонистон

Баҳолаганлар

27

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг