Ҳормузнинг ёпилишидан асосий фойдани АҚШ кўрди – “Роснефть” директори

Олам

image

“Роснефть” компанияси бош директори Игор Сечин Ҳормуз бўғозининг ёпилиши туфайли энг катта манфаатни АҚШ энергетика компаниялари олганини билдирди. У бу ҳақда Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумидаги нутқида гапирди.

Унинг айтишича, Ҳормуз бўғозининг ёпилиши глобал энергетика тизими учун жиддий оқибатларга олиб келган ва бу жараёнда Вашингтон жаҳон энергетика бозорининг асосий қоидаларини ўз манфаатларига мос равишда ўзгартиришга уринмоқда. Сечиннинг фикрича, Ҳормуз бўғозини ёпиш бўйича қабул қилинган чоралар аслида Эронга қарши қаратилган бўлса-да, оқибатда бутун дунёга салбий таъсир кўрсатган.

“Ҳормуз бўғозининг ёпилиши жаҳон энергетика бозори қоидаларини АҚШ фойдасига қайта шакллантиришга бўлган уринишдир. Боғозни тўсиш бўйича кўрилган чоралар Эронга қарши қаратилган эди, аммо улар бутун дунёга қарши ишлади. Стратегик хавфлар етарлича баҳоланмади”, дейди Сечин.

Унинг билдиришича, бу вазиятда асосий фойдани Америка компаниялари кўрган.

“Асосий манфаатдорлар, албатта, Америка компаниялари бўлди. Улар рақобатдан ташқари устунликларга эга бўлишди ҳамда юқори харажатли таъминотлардан катта даромад олиш имкониятини қўлга киритишди”, дейди “Роснефть” раҳбари. 

Сечин Ҳормуз бўғозидаги вазиятдан кейин бошқа муҳим халқаро денгиз йўллари ҳам хавф остида қолиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Унинг сўзларига кўра, Малакка бўғози, Боб ал-Мандаб бўғози ва Гибралтар бўғози ҳам келажакда турли узилишлар ва чекловлар хавфига дуч келиши мумкин.

Маълумот учун, Эрон февраль ойида АҚШ ва Исроил томонидан мамлакатга қарши ҳужумлар амалга оширилиб, олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлганидан кейин Ҳормуз бўғозини тўсиб қўйган эди. Бўғоз орқали жаҳондаги нефть таъминотининг қарийб бешдан бир қисми, шунингдек, ўғитлар каби муҳим товарлар ташилади. Унинг ёпилиши халқаро бозорларда жиддий беқарорликка сабаб бўлиб, нефть нархини бир неча йиллик энг юқори даражага олиб чиқди. Шундан сўнг АҚШ ҳам Эрон портларини блокада қилганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ҳарбийлари Эроннинг нефть портига йўл олган нефть танкерини Hellfire ракетаси билан уриб, ҳаракатсиз ҳолатга келтирганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Роснефть Ҳормуз Игор Сечин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг