Италияда болаларга жинсий тарбия фани тақиқланди

Олам

image

Италия мактабларида ота-оналарнинг розилигисиз ўқувчиларга жинсий тарбия бериш тақиқланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Италия Бош вазири Жоржа Мелони бошчилигидаги ўнг қанот ҳукумат илгари сурган ислоҳотга кўра, эндиликда Италия мактабларида жинсий тарбия бўйича машғулотлар ота-оналарнинг розилигисиз ўтказилмайди. Шунингдек, янги қоидаларга биноан, бундай таълим болалар боғчалари ва бошланғич мактаблар дастуридан чиқариб ташланади. 

Таълим вазири Жусеппе Валдитара ҳомийлигидаги қонун лойиҳаси 4 июнь куни Сенатда якуний маъқулловдан ўтган. Мухолифат партиялари ушбу қарорни танқид қилиб, бу ўсмирларнинг муҳим маълумотлардан фойдаланишини чеклаши мумкинлигини таъкидлаган. 

“Жинсий тарбияни ота-оналар розилигига боғлаш – худди итальян адабиёти ёки тарих фанини ўқитиш учун оилалардан рухсат сўраш билан баробар. Бу давлат мактабларининг таълим бериш вазифасига хиёнат қилувчи институционал бемаъниликдир”, дейди сўл Альянс партияси ҳамраиси Анжело Бонелли.

Валдитара эса овоз беришдан сўнг мазкур ислоҳот вояга етмаганларни “гендер тарғиботи келтириб чиқараётган чалкашликлардан” ҳимоя қилишини ва ота-оналар фарзандлари таълими учун масъул эканлиги ҳақидаги конституциявий тамойилни қайта тиклашини айтган. 

Янги қонунга мувофиқ, мактаблар жинсий тарбия билан боғлиқ ҳар қандай тадбир ҳақида оилаларни камида етти кун олдин хабардор қилиши керак. Хабарномада ташқи мутахассислар ёки иштирок этувчи ташкилотлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилиши лозим. 

Анъанавий оилавий қадриятларни ҳимоя қилувчи католик ташкилоти – Pro Vita & Famiglia ушбу чорани олқишлаган. Ташкилотга кўра, бу ота-оналарга ўзлари номақбул деб ҳисоблаган ташаббусларни рад этиш имконини беради.  

“Ота-оналар олдиндан маълумот олиб, гендер ўзгарувчанлиги, аборт, суррогат оналик ва вояга етмаганлар орасида жинсийликка оид мафкуравий қарашларни тарғиб қилувчи номақбул лойиҳаларни аниқлаш ва рад этиш имконига эга бўладилар” дейди ташкилот вакили.

Маълумот учун, Италияда жинсий тарбия кўплаб Европа мамлакатларидан фарқли равишда мажбурий фан ҳисобланмайди. Save the Children ташкилотининг 2025 йилда ўтказган сўровига кўра, италиялик ўсмирларнинг атиги 47 фоизи мактабда жинсий тарбия олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Италия жинсий тарбия Жоржа Мелони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг