Ўзбекистон Саудия билан 18 млрд долларлик лойиҳалар бўйича шартнома имзолайди

Жамият

image

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “яшил” энергетика, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида 18 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланади. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 2 май куни форумда иштирок этиш учун турли давлатлардан Тошкентга келган нуфузли меҳмонларни қабул қилмоқда.  Жумладан, давлат раҳбари  Сингапур Республикаси Парламенти Спикери Сиа Киан Пенг билан ҳам учрашган.

Суҳбат аввалида парламент раҳбари мамлакатимиз етакчисига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва форум юксак даражада ташкил этилганини эътироф этган. Бундан ташқари, кадрлар тайёрлаш, инвестициялар, туризм ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Олий даражадаги келишувлар устидан биргаликда самарали парламент назоратини ўрнатиш муҳимлиги таъкидланган.

Мирзиёев Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд бошчилигидаги делегацияни ҳам қабул қилган.

Учрашув аввалида вазир Ўзбекистон етакчисига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган. Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, Ўзбекистонда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.

"Бу галги форум доирасида “яшил” энергетика, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида 18 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланади", дейилади хабарда.

Бугуннинг ўзида Президент Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун келган Бирлашган Араб Амирликлари Иқтисодиёт вазири Абдулла бин Ал Маррий бошчилигидаги делегацияни ҳам қабул қилган.

Учрашувда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида шериклик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар ва тўғридан тўғри авиақатновлар сони ошиб бормоқда. Икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокидаги лойиҳалар портфели 4 миллиард долларга етган.

Энергетика, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларни тезлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент инвестиция Саудия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made