Ўзбекистонда 500 га яқин кўп қаватли уй авария ҳолатида

Жамият

image

Ўзбекистонда мавжуд 35 мингга яқин кўп қаватли уйларнинг 500 га яқини авариявий ҳолатда. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳисоботида айтиб ўтилган.

Кеча, 29 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан мамлакатда кўп квартирали уйларнинг ҳолатини яхшилаш мақсадида Реновация дастурини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва Қурилиш вазирликларининг ахбороти эшитилди.

Таъкидланишича, айни пайтда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан республикадаги мавжуд 34 584 та кўп қаватли уй-жой фондлари барча йўналишлар бўйича хатловдан ўтказилган.

Хатлов натижасида, республикадаги жами 34 584 та уйларнинг аксарияти 1990 йилларгача қурилган бўлиб, уларнинг 18 627 таси ғиштли, 14 643 таси йирик панелли ва 1 314 таси бошқа конструкцияли эканлиги аниқланган. Шунингдек, уйларнинг 455 тасида авария аломатлари мавжудлиги маълум бўлган.

Реновация дастурининг асосий мақсади бу фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва кўп квартирали уйларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эскириб қолган кўп қаватли уйлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш назарда тутилади. Унда ривожланган давлатлар тажрибаси асосида уйларнинг ертўла ва том қисмларини теплоизоляция қилиш, ойналарнинг замонавий ромларга алмаштириш, 5 қаватли уйларга заруратдан келиб чиқиб ташқи лифтлар ўрнатиш, уйларнинг фасад қисмларини шаҳарсозлик талаблари асосида таъмирлаш, иссиқлик таъминоти тармоқларини изоляция қилиш, энергия тежамкор механизмларни жорий этиш орқали самарадорликни ошириш каби масалалар режалаштирилади.

Тадбирда АҚШ, Германия, Эстония, Россия, Украина, Қозоғистон каби давлатлар тажрибалари ўрганилгани, реновация, санация каби янги тизимларни мамлакатда жорий этиш юзасидан депутатлар ҳамда тегишли вазирликлар мутахассислари томонидан билдирилган фикрлар муҳокама қилинди.

Парламент аъзолари тадбирда билдирилган таклифлар асосида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, муносиб турар жой билан таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш, парламент назорати механизмларидан самарали фойдаланиш бўйича келгусида олиб бориладиган ишларни белгилаб олдилар.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қонунчилик палатаси уй-жой

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг