Алламжонов Лондондаги конференция қатнашчиларига видеомурожаат йўллади

Жамият

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов жорий йилнинг 10-12 июль кунлари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ўтадиган ОАВ эркинлиги бўйича биринчи глобал конференцияда иштирок этиш учун жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик. 

Ушбу конференцияда Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этаётган Комилжон Алламжонов саммит иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. Унда шундай дейилади:

Ассалому алайкум ҳурматли конференция иштирокчилари!
 
Менга бугун ушбу халқаро конференция қатнашчиларига мурожаат этиш имконияти берилгани учун Буюк Британия ва Канада Ташқи ишлар вазирликларига ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман.

Мен матбуот билан боғлиқ соҳаларда 2002 йилдан буён фаолият юритиб келаман. Бу даврда турли вазирлик ва идораларнинг ахборот хизматларида ишладим, хусусий секторга ўтиб, кўплаб матбуот билан боғлиқ лойиҳаларга раҳбарлик қилдим, босма ва электрон нашрлар, мусиқий кўнгилочар телеканаллар устида ишладим. Шундан сўнг, тақдир мени яна давлат идораларига ва айнан матбуот билан боғлиқ идорага қайтариб олиб келди.

Мамнун бўлиб айтишим мумкинки, матбуот соҳасидаги 17 йиллик фаолятимда атрофимда асосан ижордкорлар, журналистлар, блогерлар бўлишди ва менда бугун ўша ўтган давр ҳолатини охирги 3 йилда қилинган ишлар билан солиштириш имконияти бор.

Бошланган жадал ислоҳотлар бошқа соҳалар қатори ахборот майдонининг бирданига жонланишига олиб келди, матбуот учун ёпиқ эшиклар очилиб, журналистлар ҳам гўёки узоқ қишки уйқудан сесканиб уйғонгандек бўлди. Аста секин ўзига бўлган ишончи пайдо бўла бошлади, энг муҳими одамларнинг ахборотга, очиқликка бўлган талаби ҳам орта бошлади.  
 
Албатта, бу осон ва равон жараён эмаслиги маьлум. Йиллар давомида қотиб колган тизимни қайта модернизация қилган ҳолда юргазиб юбориш учун авваламбор Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва катта куч керак бўлди.

Шунинг учун ҳам биринчи навбатда ушбу ишларни амалга оширишга ваколатли орган бўлмиш Матбуот ва ахборот агентлиги мақоми оширилиб, уни Президент администрацияси хузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айлантирилди. Агентликнинг ваколатлари кенгайтирилди. 

Бугун агентлигимиз оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, журналистларни ҳимоя қилиш ва саводхонлигини ошириш механизмларини яратишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган. Бугун агентлигимиз томонидан ушбу йўналишдаги ишларни амалга оширишга қаратилган алоҳида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан давлат органлари ахборот хизматлари, шунингдек, матбуот котибларининг мавқеи идора раҳбарининг ўринбосари даражасига тенглаштирилди.

Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида ёпиқ бўлган бир қатор хорижий ахборот ресурслари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари веб-сайтларига тўлиқ кириш имконияти тикланди.

Ҳозирги вақтда блогерлар ҳуқуқини журналистларга тенглаштириш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.  

Мутассадилар томонидан журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш ва айни вақтда журналистлар учун қонунда белгиланган жазоларни ҳамда “ҳақорат” ва “туҳмат” моддалари бўйича жазони енгиллаштиришга йўналтирилган қонун ҳужжатлари лойиҳалари ҳам тайёрланмоқда.

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Биз бугун демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёенида барча халқаро ташкилотлар талаби ҳамда тавсияларига риоя қилишга интилмоқдамиз. Албатта, иш жараёнида айрим хатоликлар ҳам бўляпти, лекин шунга қарамай, Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли белгиланган мақсадимиз йўлидан дадил бормоқдамиз. Ушбу мақсадларга эришишимизда ташқи дунё ва халқаро ҳамжамиятдан бизга нисбатан холис муносабат ва бизга нисбатан қандайдир “кўмакка эҳтиёжи баланд ва тажрибасиз” сифатида эмас, балки ўз имкониятларини яхши биладиган ва ўзгаришларга интилаётган тўла ҳуқуқли ҳамкор сифатида қарашингизни истар эдик!

Мен бугун Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жамоасининг аъзосиси сифатида ишонтириб айтаманки, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини амалда “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш учун аниқ ва қатъий  йўл белгилаб олинган. Бу йўлимиздан қайтмаймиз ва фақат олға борамиз!
 
Эътиборингиз учун раҳмат!

ОАВ эркинлиги бўйича халқаро конференцияда Ўзбекистон делегациясига мамлакат Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилик қилмоқда. Комилов мазкур анжуманда нутқ сўзлаши кутилмоқда. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Комилжон Алламжонов

Баҳолаганлар

4

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг