Видео: Самарқанддаги шов-шувли воқеа ҳазил бўлиб чиқди

Жамият

image

Кеча, 5 июль куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида ниқоб таққан йигит трамвайга чиқиб, номаълум суюқликни сепиши оқибатида бир неча киши ҳушидан кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарларга видео ҳам илова қилинганди.

Видеодаги воқеа пранк (тармоқ ҳазили) экани маълум бўлди. Видео катта шов-шувга сабаб бўлгач, уни уюштирганларнинг ўзи ҳаммаси ҳазил эканини маълум қилиб, кечирим сўради.

“Одамлар бу шунчаки пранк эди. Биз бундай реакция бўлади деб ўламагандик. Шаҳардаги ғалва учун кечирим сўраймиз. Ҳамма ҳушини йўқотганлар бизнинг актёрлар эди. Ҳеч ким жабрланмади”, деган пранк иштирокчилари.

Самарқанд шаҳар ИИБнинг маълум қилишича, 4 июль куни соат тахминан 19:40 атрофида Самарқанд шаҳрида Сартепо-Вокзал йўналишида қатнаб келувчи 1-трамвай Буюк ипак йўлининг “Чой фабрикаси” бекатида келганда 2003 йилда туғилган, Самарқанд шаҳридаги 33-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Д.Т. йўловчиларнинг юзига номаълум суюқликни сепган. Д.Т.нинг трамвай ичидаги шериклари олдиндан келишилган ҳолат бўйича, ўзларини ҳушидан кетган ҳолатга солган.

Суриштирув ишлари натижасида ушбу ҳолатни 2006 йилда туғилган, 33-мактабнинг 11-синф ўқувчиси А.I., 2007 йилда туғилган, 42-мактабнинг 10-синф ўқувчиси А.I., 2003 йилда туғилган, 42-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Т.Й., 2003 йилда туғилган, 33-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Д.Т., 43-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Р.М., 2006 йилда туғилган, 33-мактабнинг 7-синф ўқувчиси С.М., 2004 йилда туғилган, 43-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Д.Б.лар ўзаро олдиндан келишган ҳолда амалга оширганлиги аниқланган.

Суриштирув ишлари жараёнида маълум бўлишича, мазкур видеони С.М. ўзининг iPhone русумли мобил телефони орқали интернет тармоқларига тарқатиб, ижтимоий тармоқларда «пранк» (тармоқ ҳазили) қилмоқчи бўлганлиги аниқланган.

Ушбу вояга етмаган ёшларнинг қилмиши юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд пранк

Баҳолаганлар

108

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг