Ҳуқуқий ҳимоя, маънавий зарарни қоплаш ва компенсация – Инвесторлар учун янги қонун маъқулланди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 25-ялпи мажлисида сенаторлар “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилдилар. 

Қонун инвестиция соҳасидаги тўғридан тўғри амал қилувчи ягона норма сифатида қабул қилинмоқда.  У 1998 йилда қабул қилинган 3 та асосий “Чет эл инвестициялари тўғрисида”, “Инвестиция фаолияти тўғрисида” ва “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунларни ҳамда юздан ортиқ қонуности хужжатларни унификация қилишни назарда тутади.

Қонунда инвестиция фаолияти билан боғлиқ бир қатор мутлақо янги нормалар киритилган.

Булар:
•    маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун бир хил ҳуқуқий режим жорий этиш;
•    инвесторлар учун ҳуқуқий ҳимоя чораларини қўллаш;
•    камситиш (дискриминация)га йўл қўймаслик;
•    инвестиция киритишда турли шакллардан фойдаланиш каби давлат кафолатлари бериш;
•    монополия вужудга келишини олдини олиш;
•    коррупция элементларини йўқ қилиш ва булар орқали шаффофлик ва адолатлилик принципларини тадбиқ этиш;
•    маънавий зарарни қоплаш ва компенсация.

“Қонун халқаро амалиётда кенг фойдаланиб келинаётган инвестиция солиқ кредити ва инвестиция субсидиялари, инвестицияларни рағбатлантириш, “инвестиция визаси” тушунчалари билан бойитилди.

Ушбу Қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати, унда маҳалллий давлат ҳокимияти органларининг инвестицияларни ва инвестиция фаолиятини тартибга солиш бўйича ваколатлари янада кенгайтирилган”, дейди Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов.

Ушбу Қонун 12 та боб ва 69 та моддадан иборат бўлиб, уни ишлаб чиқишда АҚШ, Канада, Россия, Япония ва Жанубий Корея каби давлатларнинг, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки ҳамда Халқаро валюта жамғармаси сингари нуфузли халқаро молия институтларининг тажрибасидан фойдаланилгани қайд этилди. 

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

инвестор 25-ялпи мажлис Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида

Баҳолаганлар

4

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг