Парламент ҳокимлар ваколатларини қайта кўриб чиқиш масалаларига эътиборни кучайтиради – Норбоева

Жамият

image

Бу йил Президент Шавкат Мирзиёев учинчи маротаба Мурожаатнома тақдим этди, бу сафарги Мурожаатнома алоҳида мазмун ва моҳияти билан ажралиб туради. Чунки Ўзбекистонимиз ўз тараққиётининг энг долзарб палласига кириб келяпти. Муҳими, Мурожаатномада халқимиз ҳаётининг барча жиҳатлари тўлиқ қамраб олинди. Давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилмаган ҳеч бир савол ёки масала қолмади. 

Бугун маълум маънода уч йил давомида ўтказилган барча соҳалардаги ислоҳотларнинг дастлабки якунлари сарҳисоб қилинди. Бундан ташқари, 2019 йилда амалга оширилган ислоҳотларга қисқача якун ясалди. Халқимизнинг фидикорона меҳнати туфайли “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланган 2019 йилда катта натижаларга эришдик.

Уларнинг кўлами шу қадар кенгки, бугунги кунда янгиланишлар кириб бормаган тармоқ, ҳудуд ва ҳаттоки, ислоҳотлардан баҳраманд бўлмаган оила қолмади, десак муболаға бўлмайди.  

Мурожаатномада тараққиётимизнинг яқин истиқболдаги режалари белгилаб берилди. Энг аввало, яқинда “Янги сайловлар – янги Ўзбекистон” шиори остида ўтказилган сайлов натижасида республикада яратилган янги сиёсий муҳит демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни талаб қилади. Парламент сайлов жараёнини такомиллаштириш мақсадида бундан кейин ҳам Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликни кучайтиради.

Президентимиз 2020 йилни Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб белгилаб берди. Истиқболга мўлжалланган “Рақамли иқтисодиёт – 2030” дастурини ишлаб чиқиш зарур. Бу макроиқтисодий барқарорликни ва инфляцияни жиловлашни таъминлашга, шунингдек, соғлом рақобатга ва ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг олдини олишга кўмаклашади. Боз устига, коррупцияга қарши курашиш нафақат парламентнинг, балки бутун жамиятнинг асосий мақсадига айланиши керак. Мамлакат раҳбари Президент ва парламентга ҳисобдор коррупцияга қарши махсус орган тузиш ташаббусини илгари сургани ҳам бежиз эмас. 

Сенаторлар мамлакатда камбағалликка оид кўрсаткичларни яхшилашга қаратилган тегишли концепцияни ишлаб чиқиш масаласи юзасидан ўз таклифларини тайёрлайди.

Бундан ташқари, фаолиятимизда “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” принципига оғишмай риоя этилади. Халқ билан мулоқот янада жонлантирилади. Охирги уч йилда бу йўналишдаги ишлар юқори даражага олиб чиқилди. Сайлов кампаниясида кўтарилган барча масалалар таҳлил қилинади, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ўрганишга эътибор кучайтирилади. Якунида уларни ҳал этиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилади. Бундан буён сенаторлар кўпроқ жойларда бўлиб, ҳудудларни ривожлантиришга доир долзарб масалаларни ўрганиш бўйича маҳаллий Кенгашлар ва маҳаллий давлат ҳокимиятининг бошқа органлари билан биргаликда тадбирлар ўтказади. Шу муносабат билан алоҳида қайд этиш лозимки, Жамоатчилик палатасининг ташкил этилиши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигига оид демократик принципларига тўлиқ жавоб беради. Шунингдек, бу давлат органлари ва жамоатчилик ташкилотлари ҳамкорлигида ижтимоий шериклик принципини амалга оширишга, ҳудудларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик иштирокини фаоллаштиришга, янги қонунлар қабул қилишга кўмаклашади. 

Мурожаатномада ижтимоий соҳа устуворлиги белгилаб берилди, шундан келиб чиққан ҳолда парламент ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, аҳолини мактабгача таълим ва бошқа таълим муассасаларига жалб қилишни кенгайтириш, айниқса Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. 

Мажбурий тиббий суғурта, ижтимоий суғурта бўйича қонунлар ишлаб чиқиш, уларда барча ҳудудлар манфаатларини бирдек ҳимоя қилиш юзасидан жиддий иш олиб борилади. 

Шу билан бирга, амалдаги қонунларнинг самарали ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратамиз. Ҳокимлар ва маҳаллий ижро органларининг жойлардаги халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашлари олдида ҳисобдорлигини ошириш масаласи ҳам бежизга тилга олинмади. Қолаверса, парламент ҳокимлар ваколатларини қайта кўриб чиқиш масалаларига эътиборни кучайтиради. Бу масалаларнинг барчасини Сенат Адлия вазирлиги билан бирга ўрганиши лозим.

Албатта, мамлакатимиз тараққиёти билан боғлиқ барча соҳаларда ислоҳотларнинг қонуний асосларини яратиш – зиммамиздаги устувор вазифалардан бўлиб қолади. Биз ўз фаолиятимиз механизмларини такомиллаштириш, кег жамоатчилик вакиллари фаоллигини ошириш устида қатъий иш олиб борамиз. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўтарилган барча масалаларни Сенат аъзолари яқин истиқболда ва жорий йилдаги ўз фаолиятининг асосий йўналишларини аниқлаб олиш учун синчковлик билан ўрганади.


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева

Баҳолаганлар

21

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг