...
МЕНЮ
ONLINE TV

Зойир Мирзаев буғдойни ўз уйига орқалаб кетармиди?


18:28, 01.11.2018 Таҳлил
 29 371

Аслида бу хато фақат Мирзаевники эмас, балки сувга тушиб турганларники ҳам. Демак, улар ҳам керакли жазони олиши адолатдан бўлади.

Қамариддин Шайхов,
QALAMPIR.UZ интернет нашри раҳбари
 
Зойир Мирзаев омон бўлсинлар! Уларнинг “шарофатлари” билан рус, инглиз, турк, озар матбуотининг асосий саҳифалари Ўзбекистонга аталяпти. Кўп йиллар мамлакатда мажбурий меҳнатга жалб қилиш, инсон ҳуқуқлари поймол этилиши қоралаб келинган бўлса, бу сафар ёндашув сал бошқачароқ бўлди. Инсон ҳуқуқларини писанд қилмаган раҳбарнинг ўзидан ҳам тап тортмай кечилгани олқишланяпти.
 
Одатда бундай воқеаларга нисбатан дарҳол муносабат билдиришдан ўзимни узоқ тутаман. Вақт, чуқур мулоҳаза, воқеаларнинг моҳиятига кириш унинг кўпчиликка нотаниш бўлган жиҳатларини англашга ва парда ортидаги ҳақиқатларни кўришга сабабчи бўлади.
 
Бу вазиятда эса Зойир Мирзаев шахсига ва лавозим ваколатларига нисбатан бир неча саволлар туғилади кишида.
 
Биринчидан, Зойир Мирзаев нега бундай қилди?
 
Яхши биласиз, кийими билан сув тўла ариққа тушган кишилар Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Шерзод Муродов, туман сув хўжалиги бошлиғи Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Шароф Аҳмедов, “Озод” МФЙнинг оқсоқоли Зокир Мусабеков, “Мавлонбой ота” фермер хўжалигини раҳбари Аброр Мавлонов, “Абдуносир” фермер хўжалиги раҳбари бўлиб чиқди.
 
Оилали, фарзандлари бўйи етган, айримлари қуда-андали бўлишга улгурган бу кишиларнинг суратини кўриб, ҳар қандай одамда инсон ҳуқуқларининг бу тарзда поймол қилинаётганига нисбатан нафрат уйғонган бўлиши аниқ. Мендан эса бошқа ўй ўтди.


 
Кузатувларим натижасида одамларни икки турга ажратишга ўрганиб қолганман. Ёнадиган ва шунчаки тутайдиганлар. Ёнадиганлар ўзи ҳам ёнади, бу аланга билан бошқаларнинг қалбига ҳам чўғ ташлайди. Ўша чўғ оташга айланса хўп-хўп, акси бўлса-чи... Яна ёнаётган одамга қийин бўлади. Ёнидагининг тутаётгани, тутаганда ҳам бу ҳолга мослашиб бўлганидан баттар куяди.
 
Бу кишилар ариққа ўз оёғи билан бориб тушган. Тўғри, буюрилган, балки мажбурланган. Аммо ўша заҳотиёқ иш ташлаш, Мирзаевнинг “кўнгилхушлик” тарзидаги қарорига қарши чиқиш ҳам мумкин эди-ку. Бунга ким тўсқинлик қилди?
 
Халқда бир балоси бўлмаса, шунгорда қуйруқ на қилур, деган нақл бор. ОАВ ушбу воқеани ёритишда оқизмай, томизмай вазиятни борича талқин этди. Оширган бўлса бордирки, камайтирмади. Зойир Мирзаев олтовлонни буғдойни вақтида суғормагани учун жазолагани айтилди.
 
Иккинчидан, Мирзаев буғдойни ўз уйига орқалаб кетармиди?
 
Одатда биз энг қатъий қарорларни ўз фойдамизга ишлайдиган масалаларга нисбатан қабул қиламиз. Буғдой суғорилмаса, ғалла кам бўлади, кечикади. Оқибатда мамлакат иқтисодига зарар етади. Бу ҳол бирданига 10 та ҳудудда такрорланса, кўринг томошани. Бугун нон нархи ошгани, тўғрироқ айтсак, эркин савдога қўйилганидан нолиётган одамлар, эртага ғалла оз бўлиб, ун танқислигига дуч келинганда, мамлакат иқтисодиётига зарар етганда ҳам ўша олтовлонга ачинармиди? Президентнинг, халқнинг олдида жавоб беришга келганда, ким майдонга чиқарди: шу олтовлонми ё Мирзаев? Биз Зойир Мирзаевни оқлаш, тарозининг нариги палласига тош босиш фикридан йироқмиз. У лойиқ жазони олди. Энди эса вазиятга холисона баҳо бермоқчимиз, холос.
 
Мирзаев йўл қўйган хато кўп раҳбарларнинг бошидан ўтган. Ҳамон такрорлаётганлар ҳам бордир, балки. Бироқ кўпчиликники эшик ортида, ташқарига чиқмайди.
 
Оққўрғонда олинган сурат ўзбек жамиятида собиқ иттифоқ даврида қолиб кетган ва қон-қонимизга сингишга улгурган зўравонлик кайфиятини ўртага чиқарди. 70 йилдан ортиқ давом этган рус мустамлакасидан қолган яшаш ва ишлаш тарзидан 25 йил деганда ҳам қутула олмаганимиз, ўзбўлармонлик, бошбошдоқлик, коррупция ва марказлашган буйруқбозлик ҳамон айрим раҳбарлар кабинети тўрида эканини кўрсатди бу ҳодиса.
 
Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик орасида”сини ўқиганлар бугунги давр “закунчи”ларини ҳам яхши танийди. Пахта, ғалла, қурилиш, бузилиш каби ишларни деб ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган юзлаб, минглаб одамлар устидан зўравонлик қилади бундайлар. Аммо бугунги давр кечагисидан анча фарқ қиляпти. Кўпчилик ҳуқуқларини жуда яхши билади. Мажбуриятга, масъулиятга келганда эса...
 
Мамлакатда охирги икки йил ичида чинакам эркинлик шамоли эсмоқда. Сўз эркинлиги юқори нуқтага кўтарилиб бормоқда. Инсон ҳуқуқларига энг олий қадрият сифатида қаралмоқда. Ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилиши фақат тилда эмас, амалда ҳам исботини топмоқда. Бу даврда юк фақат Президент ё Ҳукумат аъзосига эмас, туман ҳокимлигининг котибидан тортиб, маҳалла маслаҳатчисигача тушиши керак эмасми? Ё буғдойнинг унини фақат амалдор еб, пахтали тўшакда мансабдорлар ухлаяптими? Гапни асло мажбурий меҳнатга тақаманг, боиси биз бу ҳақда эмас, давлатда қилаётган иши учун ойлик олиб ишлаётганлар ҳақида гаплашяпмиз. Гарданидаги юкни англаб етиш, вазифасини сидқидилдан бажариш, миннат эмас, меҳнат эвазига рўзғор тебратиш ва албатта бир жойда қотиб қолмасдан доимий изланиш, ҳаракатда бўлишни талаб этмоқда бугунги давр.


 
Оққўрғонда буғдойнинг вақтида суғорилмаслигига нима тўсқинлик қилди? Ташкилотлардаги сансоларлик, лоқайдлик, халққа, унинг эртасига, қора қозонига бўлган беписандлик эмасми? Натижада Ҳукумат аъзосининг хато қилишига шароит юзага келди ва бу суратга муҳрланди. Аслида бу хато фақат Мирзаевники эмас, балки сувга тушиб турганларники ҳам. Демак, улар ҳам керакли жазони олиши адолатдан бўлади. 
 
Мирзаевнинг идоравий карьераси ёмон эмасди. Энг қизиғи, бугунгача жоҳил раҳбар сифатида ҳам ном қозонмаганди. У энг оғир ҳудудларда ишлади. 2008-2010 йилларда Самарқанд шаҳри ҳокими бўлиб ишлаган Зойир Мирзаев 2010 йилда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига кўтарилади. У бу лавозимда 2016 йилнинг декабрига қадар ишлайди ва шу ойнинг ўзида Бош вазирнинг ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимида иш бошлайди.
 
Вазифа мажбуриятини талаб қилиш қачондан мажбурий меҳнат бўлиб қолди?
 
Зойир Мирзаев билан боғлиқ ҳолат мамлакатда ва унинг ташқарисида мажбурият меҳнатга менгзаш бошланди. Қизиқ, қачондан вазифаси этиб белгиланган ишлар мажбурий меҳнатга айланиб қолди? Раҳбар қўл остидаги ходимдан ўз вазифасини талаб этса, бу мажбурлашми? Ходимнинг масъулияти нима? Фалон ташкилотда ишлайман, деган қуруқ савлат нимага ярайди?
 
Ўқитувчи дарс бермаса-ю уни нега дарс бермадинг, деб сўроққа тутилса, у ҳам мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган бўладими? Қолган уч кишини қўя турайлик, аммо буғдойни суғоришни назорат қилиш ҳокимнинг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Шерзод Муродов, туман сув хўжалиги бошлиғи Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Шароф Аҳмедовнинг вазифаси эди. Улардан ишни талаб қилиш мажбурий меҳнатга тортишми?
 
Гапнинг қисқаси, Зойир Мирзаевнинг жазосини Президент берди. Аммо қолганларнинг масаласи мавҳумлигича қолмоқда. Ўз ишини вақтида бажармаганлар Ҳукумат раиси ўринбосарининг ишдан олдириб ташлашдек қудрат соҳиби бўлиб қолаверадими? Уларга чора кўрилмайдими?
 
Дарвоқе, ўқитувчиларнинг ўқувчини калтаклаётгани, тарбияга чиқариб жавраётгани тасвирланган видеолар тарқалгандан буён телефон ўқувчининг қуролига айланди. Ҳақми, ноҳақми ўқитувчи миқ этгудек бўлса, видеога ё суратга олиб, ижтимоий тармоқдан дод солиб чиқиш модага айланди. Оқибатда ўқитувчилар айрим ўқувчиларнинг ортидан ялиниб юриб ўқитадиган бўлди. Бора-бора ташкилотлар раҳбарлари ҳам шу кўйга тушмаса бўлгани.

Теглар:Зойир Мирзаев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!