Ўзбекистонга бачадон бўйни саратонига қарши вакцина келтирилади

Саломатлик

image

Ўзбекистонда аёлларда учрайдиган бачадон бўйни саратонининг олдини олишга қаратилган Одам папилломаси вирусига қарши вакцина жорий қилинмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтказилган давра суҳбатида маълум қилинди. Унда вазирликнинг масъул ходимлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 370 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, шулардан 190 мингтаси ушбу касаллик оқибатида вафот этади. Ўзбекистонда эса бачадон бўйни саратони энг кўп учрайдиган саратон касалликлари орасида иккинчи ўринда. Касалликлар орасида хавфлилиги кўрсаткичи бўйича эса бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратони хасталикларидан  кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар орасида бачадон бўйни саратонидан ўлим кўрсаткичи иккинчи ўринда туради. 

Шундай қилиб, папиллома вируси касалликларининг салмоғи юқори бўлиб, уни олдини олиш учун самарадорлиги юқори ва хавфсиз бўлган одам папилломаси вируси вакцинаси билан эмлаш орқали бачадон бўйни саратони билан касалланишнинг камайишига эришиш мумкин.

“Дунёда ОПВга қарши вакцина билан қизлар 2006 йилдан бошлаб эмланади. Юздан ортиқ мамлакатлар ундан фойдаланиш учун рухсат олган, улардан 74 таси вакцинани ўзларининг миллий эмлаш календарига киритган. Кўп йиллик ўрганишлар  вакцинанинг самараси 10 йилдан ортиқ эканини кўрсатмоқда. Шу ўринда, кўпчиликни вакцина қизларнинг репродуктив фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайдими,деган савол қизиқтириши табиий. Дунёда ўтказилган тажрибалардан маълум бўлишича, ушбу  вакцина қизларни нафақат бачадон бўйни саратонидан ҳимоялайди, балки уларнинг  соғлиғини ҳам  янада мустаҳкамлайди”, дейди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъул ходими Камола Сафаева.

ОПВга қарши вакцинанинг жорий қилиниши бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олишга хизмат қилади. Жойларда Глобал вакцина ва иммунизация альянси ёрдамида қурилаётган музлатгичли омборларда вакциналар сифатли сақланади ва тарқатилади. Вакциналар жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга олиб келина бошлайди ва октябрь ойидан бошлаб 400 минг нафарга  яқин 9 ёшли қизлар мактабларда ва тиббиётнинг бирламчи бўғинларида эмланади. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Бачадон бўйни саратони

Баҳолаганлар

98

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг