Ўзбек кураши 2022 йилги ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилди

Спорт

image

Ўзбек халқининг миллий спорти бўлмиш кураш 2022 йил Хитойнинг Хангжоу шаҳрида бўладиган XIX ёзги Осиё ўйинларининг мусобақалар дастурига киритилди.

ЎзАнинг ёзишича, бу 2-3 март кунлари Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилган Осиё Олимпия кенгашининг навбатдаги Бош ассамблеясида расман тасдиқланди.

Унга кўра, Хангжоуда 40 та спорт тури бўйича мусобақалар расман ўтказилади. Жакарта-2018 даги Осиё ўйинлари дастуридан 42 та спорт тури ўрин олганди. Қолаверса, Индонезиядаги мусобақада иштирокчилар сони ҳам 11 720 нафарни ташкил этган бўлса, Хитойга бу борадаги кўрсаткич 10 000 нафарга камайиши айтиб ўтилди.

2010 йилги Гуанчжоу ҳамда 2014 йилги Инчеонда ўтказилган Осиё ўйинларида расман мусобақалар дастурига киритилган крикет Индонезиядаги мусобақалар дастуридан четлатилган эди. Аммо, 2022 йилги Осиё ўйинлари дастурига крикет қайтарилди.

Ноолимпия спорт турлари орасида шахмат, жиу-житсу, каббади, кураш, сепак такрав, роликда учиш ва у-шу ҳам Хангжоу-2022 нинг расмий мусобақалари дастурига киритилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон 2022 ва 2026 йилги Осиё ўйинларида кураш бўйича беллашувлар жами 17 та вазн тоифасида ўтказилиши ҳақида айтиб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Осиё ўйинлари кураш

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг