Туркия Суриянинг яна бир самолётини уриб туширди

Олам

image

Бугун, 3 март куни Туркия Мудофаа вазирлиги мамлакат қўшинлари Сурия қуролли кучларининг самолётини уриб туширганини маълум қилди.

"Баҳорги қалқон” операцияси давомида режим кучларига (Башар Асад ҳукумати) тегишли Л-39 русумидаги самолёт уриб туширилди", дейилади Туркия мудофаа вазирлигининг Twitter’даги саҳифасида.

Сурия оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, "Сурия" телеканали, самолётнинг ўққа тутилганини тасдиқлаган, аммо унинг уриб туширилгани ҳақида аниқлик киритмаган. 

"Идлибдаги террорчи гуруҳларга қарши ҳарбий операцияда иштирок этган самолётларимиздан бири турк кучлари томонидан ўққа тутилди", дейилади телеканал хабарида.

1 март куни Сурия Мудофаа вазирлиги Туркиянинг F-16 самолёти Сурия ҳаво кучларига тегишли иккита самолётни уриб туширди, учувчилар омон қолишга муваффақ бўлган. Туркия мудофаа вазирлигининг баёнотида айтилишича, турк самолётларига ҳужум қилган иккита Су-24 самолёти уриб туширилган.

Аввалроқ, Туркия расман Суриянинг Идлиб вилоятидаги воқеаларга қарши “Баҳор қалқони” жанговар операциясини бошлаганини маълум қилган эдик.

Эслатиб ўтамиз,  жорий йилнинг 27 февраль куни Идлибда Сурия ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан уюштирилган ҳаво ҳужуми чоғида 33 нафар турк ҳарбийси ҳалок бўлган эди. Шундан сўнг, Туркия армияси Сурия қўшинлари позицияларига ҳаво ва ер усти ҳужумларидан жавоб қайтарди. Унда бирданига 309 та Сурия аскари ўлдирилди. 

Туркия ва Сурия ўртасидаги муносабатлар дақиқа сайин таранглашиб бормоқда. Расмий Анқара Асад режими Россия ва Эрондан дастак олаётганини иддао қилмоқда. Айни вақтда ушбу тўртлик – Туркия, Сурия, Россия ва Эрон ўртасида аллақачон ахборот уруши бошланиб бўлди. Мамлакатларнинг ахборот тарқатувчи ички ва ташқи ресурслари бир-бирига бўҳтон ёғдириш билан банд бўлиб қолмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Туркия

Баҳолаганлар

168

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг