Юлдуз Турдиева 20 йилда илк мусиқий альбомини тақдим этди

Маданият-санъат

image

Кутганингиз...

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ўзига хос иқтидор соҳибаси Юлдуз Турдиеванинг илк албоми мана шундай номланди. 

Ушбу ёпиқ тақдимотда ўзбек санъатининг таниқли вакиллари Ўзбекистон халқ артистлари Насиба Абдуллаева, Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова, Зулайҳо Бойхонова, Маҳмуд Намозов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Райҳон Ғаниева, Абдурашид Йўлдошев, Лола Аҳмедова, Ҳосила Раҳимова, Зиёда ва кўплаб ижодкорлар иштирок этди. 

Хонанда бу ижод гулдастасини нега айнан бундай номлаганлиги ҳақида изоҳ берди: “Альбом номи аслида “кутганим” ёки “кутганимиз” мазмунида бўлиши керак эди. Сабаби, мен саҳнага чиқиб, ижод қилаётганимга 20 йил бўлди. Илк яккахон концертимни халққа тақдим этишни узоқ йиллар давомида кутдим. Тўйма тўй юраверибман. Мухлислар ҳам бир неча йиллардан бери битта савол билан мурожаат қилишарди: қачон? Юлдуз Турдиева илк концерт дастурини қачон тақдим этади, дейилган саволлар бугун ўз жавобини топди. Яратганнинг насиб қилган куни бугун экан. Бу менинг кутганим, азиз мухлисларимнинг кутгани...”

Хонанданинг илк альбомидан 14 та қўшиқ ўрин олган бўлиб, ундан миллий эстрада йўналишида куйланган қўшиқлар ўрин олган.  

Турдиевани биласиз. У Ўзбекистонда мақом йўналишида куйлай оладиган, куйлаганда ҳам унча-бунчасини ортда қолдирадиган хонанда. У бир неча йил аввал Озарбайжонда ўтказилган Халқаро мақом санъати фестивалида ҳам олий унвонни қўлга киритиб келган эди. Хонанда мақом йўналишидаги қўшиқларини кейинроқ алоҳида альбом шаклида тайёрлашни мақсад қилганини айтди. 

Кичик концерт дастурида Юлдуз Турдиева ўзининг “Севги”, “Санъатдан бахтини топганлар”, “Она мен келдим”, “Тановор” ҳамда бухороча, тожикча тароналарни юксак маҳорат билан жолни ижрода куйлаб берди. 

“Унга шундай овоз берилганки, аксарият аёллар қўшиқ куйлаётиб авжига чиққанда юракдаги овоз вулқондек отилиб, чийиллагандек одамнинг ғашига тегади. Юлдузда эса қўшиқ бошлангандан то авжига чиққанда ҳам ана шу вулқон ва овоздаги жозиба сақланиб қолади. У бу инъомдан тўғри фойдаланиб келмоқда”, дейди сўзга чиққан санъаткорлардан Озодбек Назарбеков.  Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова эса бугунги кунда ким сизга муносиб рақобатчи бўла олади, деб сўралганда, у фақат Юлдуз Турдиева деб айтишини очиқлади.  

Тақдимотда ижро этилган қўшиқларнинг кўпчилиги аллақачон халқ кўнглидан ўрин олиб, мухлислар қалбини забт этишга улгурган. Бироқ гап бу қўшиқларда эмас, Юлдуз Турдиева ўзига берилган улкан истеъдод, қолаверса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини қанчалик оқлаётганида. Хонанда янада ўз устида ишлаб, эринчоқлик қилмай, ўзи айтганидек тўйма тўй бравермай, қўшиқлар сонини, қўшиқларки, сифатли тароналарни кўпайтирса, халқ, хусусан ёшлар орасига кириб бориб, мақому эстрадани фарқлашни ўргатса, нур устига аъло нур бўларди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Юлдуз Турдиева

Баҳолаганлар

128

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар