Ўзбекистон РФдан нодавлат ОТМларини тартибга чақириб қўйишни сўради

Жамият

image

Аввалроқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мамлакатда ноқонуний олий таълим муассасалари фаолият юритаётгани ҳақида огоҳлантирганди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси соҳта ОТМлари бўйича навбатдаги баёнотини эълон қилди. Унда биринчи мақола фуқароларнинг оғзаки ёки ёзма мурожаатлари асосида тайёрланганлиги, унда таъкидланган ҳамма масалалар ҳам ўзининг тўлиқ ҳуқуқий исботини топмаганлиги айтиб ўтилган. 

“Жумладан, мазкур мақола эълон қилинганидан сўнг республика фуқаролари кўплаб маълумотларга эга бўлиши билан бир қаторда, мақолада номи қайд этилган Россия Федерациясининг Томск давлат бошқарув тизими ва радиоелектроника университети раҳбарияти ушбу мақоладаги ҳолатларни жиддий ўрганиб чиқиш мақсадида университетнинг “Студентларни йиғиш ва тақсимлаш” бўлими бошлиғи Мозгунов Алексей Викторовични Ўзбекистон Республикасига хизмат сафарига юборди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Россия Федерациясининг Томск давлат бошқарув тизими ва радиоелектроника университети билан ҳамкорликда фуқароларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида Томск давлат бошқарув тизими ва радиоелектроника университети билан Ўзбекистон Республикасидаги айрим консалтинг фирмалари шартнома асосида абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш ва университетга тақдим этиш бўйича хизмат кўрсатаётганлиги маълум бўлди. Университетнинг 2019-2020 ўқув йилига қабул қилиш қоидаларида 2019 йил 15 октябргача кечки таълим шакли учун ҳамда 2019 йил 13 декабргача сиртқи таълим шакли учун ҳужжатлар қабул қилиш белгиланганлиги сабабли, консалтинг фирмалари томонидан мазкур қоидаларга асосан абитуриентлардан кечки ва сиртқи таълим шакллари учун ҳужжатлар қабул қилинганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган Низомга кўра, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун: таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни берган таълим муассасаси ўша давлат томонидан тан олинган бўлиши яъни аккредитация гувоҳномасига эга бўлиши; Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган таълим шаклида ўқиб олинган бўлиши; шу билан бирга ушбу таълим муассасаси бакалавриатининг кундузги таълим шакли учун камида 4 йил, сиртқи таълим шакли учун камида 5 йил таълим олган бўлиши талаб этилиши университет вакилига тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, ҳамкорликдаги ўрганишлар жараёнида Томск давлат бошқарув тизими ва радиоелектроника университетида Ўзбекистон Республикасининг жами 681 нафар фуқароси бугунги кунда таълим олаётганлиги маълум бўлди. Шундан 52 нафари кундузги таълим шаклида, 17 нафари кечки таълим шаклида ва 612 нафари (шундан 598 нафари масофавий таълим элементларини қўллаган ҳолда) сиртқи таълим шаклида таълим олаётганлиги эътироф этилди.

Университет вакилига 598 нафар масофавий таълим элементларини қўллаган ҳолда сиртқи таълимда таҳсил олаётган талабаларга Ўзбекистон Республикасида масофавий шаклда таълим олиш амалда мавжуд эмаслиги сабабли бу шаклда ўқиб олинган дипломлар тан олинмаслигини ҳамда тан олинмаган таълим ҳужжати Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний кучга эга бўлмаслигини тушунтириб ўтишлари лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, келгусида университетга масофавий таълим элементларини қўллаган ҳолда сиртқи таълимда таҳсил олиш учун ҳужжат топширувчи Ўзбекистонлик абитуриентларга ҳужжат қабул қилиш жараёнида тан олишга қўйиладиган талаблар тушунтириб ўтиш кераклиги яна бир бор эслатиб ўтилди”, дейлади хабарда.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси 2019 йил 29 ноябрь куни Россия Федерациясининг Таълим соҳасини назорат қилиш бўйича Федерал хизматига расмий хат билан мурожаат қилган ҳолда Россия Федерациясининг айрим нодавлат олий таълим муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ноқонуний фаолият олиб бориш ҳолатлари кузатилаётганлиги, уларнинг фаолиятини назоратга олиш ва чора кўриш сўралган.

Томск давлат бошқарув тизими ва радиоелектроника университети билан биргаликда мақоладаги масалалар ўрганиб чиқилганлиги, аниқлик киритилганлиги ва бартараф этилганлиги сабабли, мазкур хатда Томск давлат бошқарув тизими ва радиоелектроника университети номи қайд этилмаган.

“Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Томск давлат бошқарув тизими ва радиоелектроника университети раҳбариятига мақолада эълон қилинган масалаларга тезкор равишда ўз муносабатини билдирганлиги ҳамда мазкур ҳолатларни ўрганиб чиқиш учун кўрсатган амалий ёрдамлари учун миннатдорчилик билдиради. Давлат инспекцияси ва университет маъмурияти келгусида ҳамкорликдаги фаолиятини янада кенгайтиришга ва турли ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда биргаликда курашишга келишиб олинди”, дейилади инспекция баёнотида.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ абитуриент таълим инспекцияси

Баҳолаганлар

27

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг