Янги Ангрен ИЭС ҳам экологияга зарар келтиргани учун жаримага тортилди

Жамият

image

Янги Ангрен иссиқлик электр станцияси жойлашган ҳудуд мутахассислар томонидан текширилди ва атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли моддалар белгиланган меъёрларга нисбатан юқори экани аниқланди. ИЭС эса 1 млрд 3 млн сўм миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

ИЭС ҳудудида вилоят Экология бошқармаси мутахассислари томонидан текшириш ишлари олиб борилгандa чанг газ тозалаш ускуналари (фильтрлари) самарадорлиги 80 фоизга тушиб кетгани аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича Янги Ангрен иссиқлик электр станциясига атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантирганлиги учун 887 млн, саноат чиқиндиларини белгиланмаган жойга жойлаштирганлиги учун 116 млн, жами 1 млрд 3 млн сўм компенсация тўловлари ҳисобланган.

“11 нафар мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат йўлланди. Шунингдек, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш бўйича чанг газ тозалаш ускуналари ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётганлиги аниқланган ва ИЭС атроф-муҳитни ифлослантиргани учун 1 млрд 23 млн сўм (атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 759 млн, нефть маҳсулотлари билан ерни ифлослантирганлик учун 264 млн) миқдорида жаримага тортилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ИЭС Янги Ангрен Экология

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг