...
МЕНЮ
ONLINE TV

Яккасаройдан гапирамиз: боғчами бу ё омбор, болалар қандай хоналарда жон сақлаяпти?


20:02, 14.11.2018 Жамият
 11 457

Суратлардан кўриниб турибдики, онанинг айтганларида жон бор.

Мактабгача таълим муассасаси ота-оналар ишга кетганда, болаларга қоровул эмас, аксинча, уларнинг таълими, тарбияси, маънавияти, келажак учун қурилажак пойдевори ва албатта саломатлигига масъул маскан саналади.
 
Сайтимизда доимий равишда ота-оналарнинг Мактабгача таълим муассасаларидан ҳақли норозиликларини ёритиб борамиз. Навбатдаги мурожаат ҳам бизни беэътибор қолдирмади.
 
Боғчами ё омборхона?
 
Тошкентнинг Яккасарой туманида жойлашган 150-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳақида келиб тушган шикоятда айтилишича, айни дамда МТМ биносида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан бир неча кун аввал, ота-оналарга МТМда қисқа муддатли таъмир бошланиши, қувурлар алмаштирилиши маълум қилинган ва бу 15 ноябргача давом этиши айтилган.




 
Орадан 14 кун ўтса ҳам таъмир тугашидан дарак йўқ, аксинча, у кун сайин жадаллашган. Қувурлар ўзгартирилиши важи билан бошланган таъмирда бинонинг ойналари ҳам олиб ташланган. Бу ҳақда шикоят қилган она ўз фарзандини бир неча кундан буён МТМга юбормаётганини, бошқа болалар эса хоналари таъмирдалиги сабаб спорт хонасида, гиламлар, ўйин майдончаси, овқатланиш учун стол ва стуллар ҳамда ҳожатхонаси йўқ хоналарда сақланаётганини айтган. Гап исботи билан деганларидек, суратларни ҳам илова қилган.
 
Суратлардан кўриниб турибдики, онанинг айтганларида жон бор.
 
Расмийлар вазиятдан хабардорми?
 
Шу ўринда савол туғилади: МТМ раҳбарияти туман Мактабагача таълим муассасалари бўлими ва туман ДСЭНМини расман огоҳлантирганми? Таъмирлаш ишлари ҳомийлик ҳисобидан амалга ошириляптими ё давлат бюджетидан режа асосидами? Агар режа асосида бўлса, нима учун қувур алмаштириш каби ишлар ёзда амалга оширилмади? Куз-қишга тайёргарлик ҳақидаги ҳисоботлар ниманинг эвазига тўлдирилди? Уларга нима деб ёзилди? Қолаверса, таъмир кетаётган боғчадаги болаларнинг саломатлиги ҳеч кимни ўйлантирмаяптими?




 
Биз юқоридаги саволларга жавоб олиш, қолаверса, иккинчи томоннинг ҳам фикрларига қулоқ тутиш мақсадида МТМ мудираси билан боғландик.
 
Мудира Маъмура Абдуллаеванинг маълум қилишича, ушбу МТМ 1964 йилда қурилган ва ўша вақтдан буён капитал таъмирланмаган. МТМ учта корпусга бўлинади. Унда жами 10 та гуруҳ бор. Рус тилидаги ушбу МТМда 280 нафар бола тарбияланади. Боғчада жами 38 ходим фаолият юритади, шундан 10 нафари – тарбиячи.
 
Мудирага кўра, бундан бир неча кун аввал биз сўз юритаётган 150-МТМга Ҳисоб палатасидан комиссия келган ва МТМнинг моддий-техник базасини баҳолаган. Шундан сўнг, қувурларни ўзгартиришга қарор қилинган. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаби бор. Ўша вақтларда Тошкент бўйлаб иссиқлик қуввати ёқилганда, боғчадаги қувурларнинг бир нечтаси босимни кўтара олмай, тешилган ва улардан сув оқишни бошлаган. Шундан сўнг, зудлик билан таъмир ишлари бошланган.
 
Бу орада хоналарнинг совуқлигига ромлар ҳам дахлдор бўлиб чиққан ва таъмир баҳонасида ромларни ўзгартириш юзасидан ҳам топшириқ берилган. Таъмир ишлари 15 кунлик муҳлат билан 1 ноябрь куни бошланган бўлса, бугун, 14 ноябрга келиб ромлар ҳам олиб ташланган.
 
Тумандаги 10 та МТМда таъмир кетяпти
 
Хўш, қиш эшик қоқиб турган бир пайтда таъмир жадаллик билан давом этаётган бўлса, болалар қаерга кўчирилди? Гап шундаки, таъмирланаётган бинода МТМдаги 10 та гуруҳдан тўрттаси жойлаштирилган эди. Улар таъмир сабаб бошқа корпусдаги иккита спорт хонасига кўчирилган. Тўғрироғи, фақат ётоқ сифатида спорт хонасидан фойдаланиляпти. Машғулотлар қўшни гуруҳларга қўшилган ҳолатда ўтиляпти. Овқатланиш ҳам шу алфозда. Ҳожатхонадан ҳам шерикчиликда фойдаланиляпти.




 
“Таъмир бошланишидан аввал, Мактабгача таълим муассасалари Яккасарой тумани бўлими ва туман ДСЭНМини расман огоҳлантирдим. Улардан қайси ҳолатда фаолият юритсак, қонунчиликка мос бўлишини сўрадим. Агар таъмир бошқа корпусда амалга оширилаётган бўлса, бунинг болаларга хавфи йўқлигини айтишди. Ота-оналарга эса таъмир тугагунча болалари бошқа МТМга бориб туришларини таъминлаб беришни, муаммо бўлмаслигини ёки уйларида олиб ўтиришлари мумкинлигини таклиф қилдим. Рози бўлиб, вазиятни тушуниб, болаларини МТМга юбормаётганлар ҳам бор. Қолганлар эса мажбурият юзасидан фарзандларини МТМга олиб келишяпти. Шу бугунгача муассасамизда ҳеч қандай норозилик келиб чиқмади, болаларнинг хасталаниши билан боғлиқ ҳолат ҳам аниқланмади.



Бизга қолса, таъмир давомида боғча ёпилса ҳам майли, лекин 280 нафар бола қаерга боради? Ота-оналар сарсон бўлмайдими? Устига-устак тумандаги яна 10 та МТМ таъмир кетаётгани сабаб ёпиб қўйилган бўлса... Бу вазиятни тушуниш ҳам керак ва бизни қўлаётган ота-оналар кўп”, дейди МТМ мудираси Маъмура Абдуллаева.
 
Айб кимда?
 
Ҳақиқатан ҳам вазиятга баҳо бериш, хулоса қилиш қийин. Бу вазиятда на ота-онани, на мудирани айблаб бўлади. Бизнинг саволимиз эса таъмирга буйруқ берган раҳбарлар, Ҳисоб палатаси масъуллари ва бошқаларга аталади: МТМ таъмирга муҳтожлиги, куз-қиш мавсумига тайёр эмаслигини билар экансиз, ёзда қаерда эдингиз? Нега биз Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг бу йўналишлардаги ишларини кўрмаяпмиз ва сезмаяпсиз? Мансаб курсисини эгаллаб турганлар, боринг ана оддий уста бўлиб ишлаётганлар, фарзандингизни шу МТМга юборармидингиз? Жавобни виждонингизга беринг!




 
Мактабгача таълим тизимидаги раҳбарларга ҳам очиқ мурожаатимиз бор. Мақолани ўқигач, МТМ мудирасини айблаш, уни жазолаш ё лавозимидан озод этишга шошилманг. Ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг ва масалани ижобий маънода ҳал этишга ҳаракат қилинг. Бу ерда юқоридаги келган буйруқни бўйнини қисиб бажариш мудира ва боғча ходимларининг гарданига тушгани кундек равшан бўлиб турибди. 

Теглар:Мактабгача таълим муассасаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар